Китобда аҳолига тарқатилиши лозим бўлган газ баллонлардан машиналарга газ қуйиб сотган шахслар аниқланди

461

Маълумки, республикамизда табиий газ узатиш имконсиз бўлган узоқ ҳудудларга суюлтирилган газ баллонлари етказилиши белгиланган. Лекин, минг афсуски, мазкур жараёнлар ортидан мўмай даромад қилаётган қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар ҳам жамиятимизда учраб турибди.

Китоб туманидаги тегишли идораларнинг олиб борган тезкор тадбирлари давомида туман ҳудудида давлат буджети маблағлари ҳисобидан арзонлаштирилган нархларда аҳоли истеъмоли учун мўлжалланган суюлтирилган газ баллонларини ноқонуний равишда автомашиналарга ёқилғи сифатида тўлдириб бериш билан шуғулланаётган шахслар қўлга олинди.

Аниқланишича, Китоб тумани «Бўстон» МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Х.Ж. ўз яшаш хонадонида портлаш хавфи юқори бўлган пропан газ балонларини техника хавфсизлик меъёрларига зид равишда, қўлбола усулда автомашиналарга ҳар бир газ баллонини 80 минг сўм эвазига тўлдириб берган. Тадбир давомида фуқаронинг яшаш хонадонидан яна 16 дона суюлтирилган газ баллонлари мавжудлиги аниқланган.

Шунга ўхшаш ҳолат яна туманнинг «Халқлар дўстлиги» маҳалласида ҳам содир этилган. Ушбу маҳаллада яшовчи О.Х. маҳаллий нонвойлар ҳамда ҳайдовчилар учун ўз хонадонида суюлтирилган газ баллонлари билан доимий равишда «хизмат» кўрсатиб келган. Унинг ҳам хонадонидан 13 дона газ баллонлари топилган.

Юқоридаги ҳар икки ҳолат бўйича ҳам топилган буюмлар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган. Эндиликда бу «уддабуронлар» қонун олдида жавоб беради.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here