Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Қаршида дзюдо бўйича халқаро хотира турнири бўлиб ўтди

Қаршида дзюдо бўйича халқаро хотира турнири бўлиб ўтди

21 апр 2024
660
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Жорий йилнинг 17-19-апрел кунлари Қарши шаҳрида жойлашган “Геолог” Маданий ва спорт-соғломлаштириш мажмуасида Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ва Қашқадарё вилояти Кураш федерацияси ташаббуси билан 2010-2011 ва 2012-2014 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида спортнинг дзюдо тури бўйича марҳум Исматулло Турақулов хотирасига бағишланган халқаро хотира турнири ўтказилди.

Мазкур мусобақада Қозоғистон ва Тожикистон Республикаларидан ташриф буюрган ва юртимизнинг барча вилоятларидан келган жами 900 нафарга яқин полвонлар иштирок этишди.

Турнирда 2010-2012 йилларда туғилган ўсмирлар 32, 35, 38, 42, 46, 50, 55 ва +55 килограмм вазн тоифаларида куч синашишган бўлса, 2012-2014 йилларда туғилган ўсмирлар 26, 29, 32, 35, 38, 42, 46 ва +46 килограмм вазн тоифаларида ўзаро беллашишди. Республиканинг турли ҳудудларидан келган халқаро тоифадаги малакали ҳакамлар саралаш, ярим финал ва финал босқичларини бошқариб боришди.

Мазкур мусобақа 17 апрел куни эрта тонгдан бошланиб, 19 апрел кун охирига қадар давом этди. Мусобақа давомида концерт дастурлари ва турли хил жанговар чиқишлар томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Байрамона руҳда ўтказилган турнир барча иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотиб, тадбир якунига қадар томошабинлар спортчиларни баралла олқишлаб турди.


Маълумот учун, Туракулов Исматулло Абдурашидович 1959 йил Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Мираки қишлоғида туғилган. 1976 йил Шаҳрисабз туманидаги 36-сонли ўрта таълим мактабини тамомлаб, Тошкент давлат жисмоний тарбия институтига ўқишга кирган. Олийгоҳни 1980 йил битириб Шаҳрисабз туманидаги 8-сонли ўрта таълим мактабига жисмоний тарбия ўқитувчиси сифатида иш фаолиятини бошлаган ва дзюдо спорти бўйича мураббийлик қилган.

Таъкидлаш жоизки Исматулло Турақулов Шаҳрисабз туманидаги Мираки қўрғонида жойлашган "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖга қарашли “Лочин” болалар дам олиш оромгоҳида 1994-2014 йилларда оромгоҳ раҳбари лавозимида фаолият юритган. Исматулло Турқулов самарали меҳнат фаолияти давомида нафақат меҳнатсеварлиги билан, балки кўплаб шогирдлар чиқариши билан жамоа орасидаги эътирофига лойиқ ходимлардан бири бўлган!

Шунингдек, 1978 йил Киев шаҳрида “Спорт устаси” унвонига сазовор бўлган. 1996 йил Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан ўтказилган Халқаро турнирда ва Ўзбекистон, Қозоғистон Республикаси спортчилари ўртасида ўтказилган Халқаро турнирда 1-ўринни эгаллаган.

Исматулло Турақулов Ўзбекистон халқ таълими аълочиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт мураббийси, Халқаро спорт устаси унвонига сазовор бўлган. Иш фаолияти даврида Исматулло Турақулов шогирдлари ёшлар ўртасида ўтказилган мусобақаларда Ўзбекистон чемпиони ва турли хилдаги халқаро турнирлар ғолиби бўлишган.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: