Қашқадарё вилояти ҳокими маслаҳатчисига: «Ўзбекчасини топиб беринг!»

1868
Қарши шаҳар кўчаларини айланиб туриб, биз ўзбекмизми, деган савол туғилади кишида.
Марказий кўчалардаги аксарият рекламалар, дўконлар номи ё рус, ё инглиз тилида. Ҳозирги кунда ушбу икки тилни кўпчилик билади, тушунади, бу яхши, албатта. Лекин бу ўзбекча номлардан воз кечиб, ўз тилимизга эътиборсизлик қилиш мумкин, дегани эмас-ку!
«Nasafnews» мухбири шу масалада Қарши шаҳридаги айрим ташқи рекламаларни бугун тасвирга олди.

Битта эркаклар салонига «Париж», яна бир баннерга эса «Лондон» деб ёзилган. Тўғри, Париж, Лондонга ҳавас қилишгандир, аммо буни катта бир аҳолига хизмат кўрсатадиган объектга ном қилиб танлаб олиш қанчалик тўғри?
Айрим кўчаларни айланиб туриб, ўзбекча сўзни учратмайсиз. Ҳаммаси бошқа тилда. Борингки, айримларини таржима қилиб кўрсангиз, жиддий хатолар ҳам учрайди.
Шаҳарнинг қоқ марказида яна бир бекат савлат тўкиб турибди. Бу ердан бир кунда минглаб зиёли қатлам ўтса керак. Аммо “ҳиёбон” сўзи нотўғри ёзилганини, аслида сўздаги бош ҳарф “х” билан бошланишини ҳеч ким айтмайди ёки эслатмайди.

Бошқалар айтишга ҳам мажбур эмас. Бу соҳани тартибга соладиган соҳа ходимлари фаолияти йўлга қўйилган.
Яъни нафақат Қашқадарёда, балки бутун мамлакатимиздаги туман ва шаҳар ҳокимлари, вилоят ҳокимларига маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилар тайинланган.

Аммо Қашқадарё вилоятидаги маслаҳатчиларнинг бугунги кунда фаоллиги сезилмаяпти.
Улар жойлардаги айрим ташқи реклама ва ёзувлардаги қўпол хатоларни жим кузатяпти.
Мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини кўтариш борасида қатор саъй-ҳаракатлар натижаси давлат ташкилотлари раҳбарларининг тил масалалари бўйича маслаҳатчиларининг қанчалик ташаббускорлиги, фидойилигига ҳам боғлиқ.
Келинг, шаҳримизда Лондон ёки Парижни, қайсидир номи чала ёзилган хориж компаниясини тарғиб қилмайлик-да, ўзимизни, ўзлигимизни реклама қилайлик.
Ўзбек тили сўзга бой.  Маслаҳатчилар тадбиркорларга маслаҳат берса, ўйлаймизки, шаҳримизда янги номлар, муҳими ўзбекча номлар кўпаярмиди?

Дилшод Набиев тайёрлади

Мавзуга доир: Қашқадарёдаги 15 мингта кўчанинг 3 мингтасига ном берилмаган. Қайрабсолди, Жинҳайдар номлари бунча хунук?

2 Izohlar

  1. Зур мавзу кутарилган… улар шу ном билан руйхатдан утгану, нега руйхатга олингунча эътироз билдирилмаган…

  2. Мен ўйлайманки, бу нафақат маслаҳатчининг иши. Бунинг учун биргина маслаҳатчига «тош отиш» ярашмайди. Бу жамият онги масаласи! Давлат тили масалаҳатчи учун, деган тушунчалардан қочиб, қуйидаги таклифларни бераман: 1) адабиёт аҳли, айниқса, Навоий ижодидан бохабар бўлган китобхонларимиз, ёзувчиларимиз, кенг жамоатчилигимиз мавжуд хориж сўзларининг ўзбекча номлари бўйича таклифлар бериш (Бир калла – калла, икки калла – маҳалла); 2) журналистлар ва блоггерлар ўз фаолиятларида объектлардаги хорижий номлар учун кимнидир айбдор қилмасдан, жамият онгига таъсир қилиш мақсадида аввало, тадбиркорларга ўзларининг жамоатчилик тарғиботини олиб бориш. (Масалан, хорижий ном ёзилган объект кимники – тадбиркорники, тадбиркорни ким қўллаб-қувватламоқда – Президент! «Афсуски, жамоат жойларида, кўчаларда, бинолар пештоқида топонимик белгилар, турли лавҳа ва рекламалар кўпинча хорижий тилларда, маънавиятимизга ёт мазмун ва шаклларда акс эттирилмоқда. Бу давлат тили талабларига, миллий маданият ва қадриятларимизга беписандликдан, умумий саводхонлик даражаси эса тушиб кетаётганидан далолат беради.» Бу фикрлар кимга тегишли – Президентга! Ким «афсуски» демоқда – Президент! Бунга сабабчи ким – тадбиркор (ҳаммаси ҳам эмас) Демак, тадбиркор ўзи билмаган ҳолда ўзини қўллаб-қувватлаётган кишини «Афсуски» дейишига сабабчи бўлмоқда.) Албатта, буни агар маслаҳатчи айтса, тадбиркор «бўрининг еса ҳам, емаса ҳам оғзи қон» қабилида иш тутади, босим ўтказмоқда деб дод солади. Агар буни мустақил журналист айтса, холис блоггер айтса, ўйлайманки, таъсири янада самарали бўлади.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here