Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳридаги бозорда 12 ёшли қизнинг бошига темир тиргак тушиб кетгани ва оқибатда қиз вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 26 август куни Қарши шаҳри “Оқтепа” МФЙ ҳудудида жойлашган “Орзу” бозори ҳудудида қурилиши тугалланмаган кўп қаватли тураржой мажмуасида меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилинмаслиги туфайли 2013 йилда туғилган У.М.нинг бошига 10-қаватдан бир дона темир тиргак (леса) тушиб кетган. Ҳодиса оқибатида У.М. ўша жойнинг ўзида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро У.М.нинг ўлим сабабини аниқлаш учун суд тиббий экспертизаси тайинланган. Дастлабки маълумотларга кўра, марҳуманинг танасида бош мия пардасига ва мия қоринчаларига қон қуйилиши, бошнинг тепа ва пешона суякларининг парчаланиб, синиб, асос суягига ўтиши, чап ўмров ўрта учлигидан синиб силжиши ҳамда ўпкаларга қон қуйилиши каби жароҳатлар мавжудлиги аниқланган.
Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан суд криминалистика ва биология экспертизалари тайинланиб, Қашқадарё вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармасидан мутахассис жалб қилинган.
Ҳозирги кунда терговга қадар текшириш ишлари олиб борилмоқда.