"Администрацияга ёлғон маълумот беришган". Қашқадарё вилояти экология бошқармаси бошлиғи уни ноҳақ ишдан бўшатишганини маълум қилди
Шу пайтгача Қашқадарё вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келган Ғанишер Ибрагимов "Nasafnews" мухбири билан мулоқот чоғида уни ноҳақ ишдан бўшатишганини айтди. Ғанишер Ибрагимовнинг иддаосига кўра, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси бошлиғи ўринбосари томонидан Президент Администрацияси йиғилишида Қашқадарёда қуриб кетган дарахтлар сони бўйича рақамлар ошириб кўрсатилган.
"Администрация топшириғи билан бўлган иш бу. Биз қатнашмаганмиз йиғилишга. Йиғилишда қўмита бошлиғининг 2 нафар ўринбосарлари қатнашиб, улар Қашқадарё, Навоий ва Сирдарё вилоятлари бўйича нотўғри маълумот берган. Сабаби бизда 4 маротаба вилоятга махсус комиссия келиб, "Яшил макон" бўйича экилган дарахтлар масаласида ўрганиш ўтказган ва натижга кўра, вилоят бўйича 16 минг 200 дона дарахтлар қуриб кетгани аниқланган. Лекин юқоридаги йиғилишда қўмита бошлиғининг ўринбосари Администрация бошлиғини алдаб, бу рақамлари ошириб кўрсатган ва Қашқадарёда 1 млн 300 дона дарахт қуриб кетгани айтилган. Шундан сўнг, йиғилишда бизни ишдан олиш бўйича топшириқ бўлган", - дейди Ғанишер Ибрагимов.