Бош саҳифа » МАҲАЛЛИЙ » Китобдаги руҳий касалликлар шифохонасида ерда ётган беморлар бўйича расмий маълумот берилди

Китобдаги руҳий касалликлар шифохонасида ерда ётган беморлар бўйича расмий маълумот берилди

03 авг 2022
2 653
МАҲАЛЛИЙ

Тармоқларда эълон қилинган видеомурожаатда Китоб туманидаги вилоят 2-асаб-руҳий касалликлар диспансерида айрим беморлар ерда ухлашаётгани қайд этилган. Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати ҳолатга муносабат билдирди. 

Аниқланишича,  мазкур видеотасвир 2022 йил 4 июль куни Китоб туманидаги вилоят 2-асаб-руҳий касалликлар диспансери болалар бўлими  навбатчи санитаркаси М Хужматова томонидан олиниб, муассаса бош шифокорига телеграм орқали тақдим этилган.

2022 йил 5 июль куни диспансер жамоасининг умумий йиғилишида мазкур ҳолат муҳокома қилиниб, беморларнинг ўз ўрнига ётишини таъминламасдан, назоратсиз қолдирган 4 нафар ходимга меҳнат қонунчилигига асосан интизомий чора кўрилган. Йиғилишда бундай ҳолат бошқа такрорланмаслиги бўйича зарур чоралар белгиланган.

Шунингдек, шу гуруҳда юқоридаги фойдаланувчи томонидан диспансерда қўли шикастланган бемор аёлга тиббий ёрдам кўрсатилмаганлиги, у гипссиз юрганлиги қайд этилган.

Аниқланишича,  57 ёшли бемор аёл Э.С.  диспансерда “Д” ҳисобда туради. 2-гуруҳ ногирони, 2022 йил 1 апрелдан ҳозирги  кунга қадар бу муассасада ётиб, даволаниб келмоқда. 2022 йил 3 июнь куни  йиқилиб тушган. Шу куни чап қўл  кафт соҳаси рентген қилиниб, травматолог шифокорга кўрсатилган. "Чап қўл 4-бармоқ   ўрта фалангасининг ёпиқ синиб силжиши" ташхиси қўйилган. Беморга мутахассис томонидан тегишли муолажалар қилинган.  2022 йил 27 июнь куни беморнинг қўли қайта рентген қилиниб, травматолог шифокор назоратидан ўтказилган. Суяклари битганлиги сабабли боғлов ечилган. Ҳозирда беморнинг аҳволи қониқарли.

Диспансер биноси 2021 йил апрелда фойдаланишга топширилган. 150 ўринга эга бўлган муассасада беморларнинг даволаниши учун барча шароитлар яратилган.

Шу ўринда эслатиб ўтиш зарурки, Ўзбекистон Республикаси "Психиатрия ёрдами тўғрисида"ги қонунига кўра руҳияти бузилган беморларни уларнинг ўзи ҳамда қонуний  вакилининг рухсатисиз  фото-, видео ёки кино тасвирга олиш мумкин эмас, дейилади хабарда.


«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: