Қашқадарё ССБ қайнсинглини ўлдирган эркакни қочириб юборган асаб-руҳий касалликлар шифохонаси ходимларига чора кўрилишини маълум қилди
Куни кеча ахборот сайтимизда Қарши шаҳридаги Каманди маҳалласида жиноят содир этганлиги қайд этилган бемор М.П. вилоят руҳий асаб касалликлари шифохонасидан қочиб чиққани ҳақида хабар қилинганди. Мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати маълумот берди.
Унда айтилишича, Қарши туманида яшовчи, 1975 йилда туғилган бемор М.П. 2018 йилдан бери диспансер назоратида туради. Мунтазам амбулатор ва стационар тартибда даволаниб келган. Ўз яқинларига тан жароҳати етказганлиги туфайли 2019 йилдан 2021 йилгача Бухоро вилоятида жойлашган назорати кучайтирилган шифохонада мажбурий даволанган. Даво муддатини ўтаб бўлгандан сўнг яшаш жойига мутахассис назоратига жўнатилган. 2021 йил “Тажовузкор бемор”лар махсус ҳисобига олинган.
Мазкур ҳолат шифохона ходимларининг умумий йиғилишида муҳокома қилиниб, руҳиятида ўткир ўзгаришлар кузатилаётган беморларда ўрнатиладиган алоҳида назорат тадбирларига эътиборни кучайтириш бўйича қатъий чоралар белгиланди. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Масъулиятсизликка йўл қўйган шифохона ходимларига тегишли тартибда чора кўрилади.
Маълумот ўрнида қайд этиш зарурки, соғлиқни сақлаш тизимида аҳоли орасида руҳий ҳолати бузилган беморларга психиатрия ёрдамини кўрсатиш хизмати назорати кучайтирилган даволаш профилактика муассасаси ва умумпсихиатрия даволаш профилактика муассасаларида амалга оширилади.
Умумпсихиатрия даволаш профилактика муассасалари алоҳида қўриқланадиган муассаса ҳисобланмаса-да, алоҳида маҳкамланадиган бўлимлардан иборат бўлади. Бундай бўлимларда руҳиятида ўткир ўзгаришлар кузатилган беморларда мутахассис тавсиясига кўра алоҳида назорат ўрнатиш мумкин. Руҳий ҳолати бузилган шахслар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида назарда тутилган фуқароларнинг барча ҳуқуқлари ва эркинликларига эгадир. Беморлар хоҳишига кўра даволовчи шифокорнинг рухсати билан оилавий муҳитга мослашишиши учун уйида даволанишни давом эттира олишлари мумкин.
Жумладан, вилоят руҳий асаб касалликлари шифохонаси умумий тартибда келиб, ётиб даволанишга мўлжалланган умумпсихиатрия даволаш профилактика муассасалари таркибига киради, дейилади хабарда.