Шавкат Мирзиёев: «Ҳар бир ҳокимнинг кабинети «халқ қабулхонаси» бўлади»

438

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 23 июль куни аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг бугунги ҳолати вазирлик ва ҳудудлар кесимида муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари одамларни мурожаат қилишга мажбур этаётган муаммоларни маҳалланинг ўзида бартараф қилиш кераклигини таъкидлади.

Бунинг учун вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бир ҳафтада икки кунни фуқароларни қабул қилишга ажратиши, шунингдек, ҳокимликларда кунлик қабул йўлга қўйилиши белгиланди.

«Ҳар бир ҳокимнинг кабинети “халқ қабулхонаси” бўлади. Мурожаатларни кўриб, нималарга эътибор қилиш бўйича ҳар бир раҳбарнинг стратегияси бўлиши керак», – деди Президент.

Аҳоли тўғридан-тўғри туну кун мурожаат қилиши учун ҳокимларнинг виртуал қабулхонаси ва ижтимоий тармоқларда алоҳида саҳифаларини ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here