Президент:Фермерлар ғалласини олиб қўйиш қатъиян тақиқланади
Бугун Президент Шавкат Мирзиёев раислигида дон маҳсулотлари корхоналарида трансформация жараёнларининг натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда ғалла қабул қилиш пунктлари сонини камайтириш ва кейинги йилдан бошлаб уларни хусусийлаштириш чора-тадбирлари белгиланди.
«Ҳокимлар бир нарсани аниқ тушуниб олишлари зарур. Буғдойнинг ҳақиқий эгаси бу – фермер ва кластерлар. Шунинг учун, бундан буён туманда режа бажарилмаяпти, чорва, парранда ёки балиқчиликка озуқа-ем керак, деган важлар билан фермерлар ғалласини олиб қўйиш қатъиян тақиқланади», деди давлат раҳбари.
Бундан ташқари, биржа орқали сотилган буғдойга ҳудудлараро чеклов қўйилмайди. Марҳамат, қайси ҳудуддаги корхона биржада ютиб олса, ҳеч қандай тўсиқларсиз ғаллани олиб кетиши мумкин.
Бош прокурор, вилоят, туман ва шаҳар прокурорлари бу масалани шахсан назоратига олиб, фермерни норози қилган раҳбарларга қатъий чоралар кўриб бориши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
«Вилоят ҳокимлари ва прокурорлари яхшилаб эшитиб олсин. Ўзгаришларни баҳона қилиб, жойларда ун ишлаб чиқариш ҳажмларини камайтириб юбориш, нарх-навони асоссиз ўсишига йўл қўйишга «саботаж» деб, сиёсий баҳо берилади. Шу боис, вилоят ҳокимлари ва прокурорлари дон корхоналарининг мавжуд ишлаб чиқариш ҳажмларини сақлаб қолишга «боши билан» жавоб беради», деди Президент.
Бу борада вилоят ҳокимлари, ички ишлар ва прокуратура органлари раҳбарларига ижтимоий тармоқларда чиқиш қилиб, янги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, қандай чоралар кўрилиши ва режалари бўйича тушунтириш бериш вазифаси қўйилди.