Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Аҳолидан 220 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган. Таклифларнинг 18 мингтаси парламентни ислоҳ қилиш билан боғлиқ

Аҳолидан 220 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган. Таклифларнинг 18 мингтаси парламентни ислоҳ қилиш билан боғлиқ

07 мар 2023
1 134
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлашга масъул бўлган — Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Маълумотларга кўра, умумхалқ муҳокамаларида 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушган, таклифларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олган.  Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда, Конституциянинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда, яъни амалдаги Конституция 65 фоизга янгиланмоқда.

Маълум қилишларича, аҳолидан келиб тушган таклифларнинг қарийб 20 фоизи, яъни 18 мингтаси айнан парламентни ислоҳ қилиш билан боғлиқдир. Шундан келиб чиқиб, халқ ҳокимиятчилигини кучайтириш, халқ вакиллик органи бўлмиш парламентнинг ролини ва ўрнини, масъулиятини ошириш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, умуман мамлакатимизда парламентаризм, халқ ҳокимиятчилигини янада кучайтиришга қаратилган бир қатор нормалар лойиҳага киритилган.

Парламент фаолияти билан боғлиқ конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатлари қайта кўриб чиқилди. Бунда, Қонунчилик палатаси билан Сенатнинг биргаликдаги ваколатлари ҳамда ҳар бир палатанинг алоҳида-алоҳида ваколатлари ва масъулият соҳалари аниқ белгилаб берилмоқда. Яъни, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 тадан 12 тага, Сенатники эса 14 тадан 18 тага кўпайтирилмоқда.

Шунингдек, илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, ҳудудий манфаатларни ифодаловчи орган сифатида Сенатнинг маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашиш каби муҳим ваколат Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилмоқда. 

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: