Қаршида катта терговчи ўзига 2 минг доллар пора бермоқчи бўлган корхона ишчисини ушлаб берди

Нефть маҳсулотларини сақлашга мослашган МЧЖ раҳбариятининг анча миқдорда нефт маҳсулоти йўқолгани ҳақидаги билдириш хатига асосан, Қарши шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.

МЧЖ оператори Ш.У.га билан олиб борилган суриштирувлар жараёнида у қилмишини яшириш мақсадида ишни ўз фойдасига ҳал этиш ва жиноят иши қўзғатмаслик эвазига катта терговчига 2000 АҚШ доллари миқдорда пора таклиф қилган.

Катта терговчи майор Т.Ражабов фуқарога пора бериш ва олиш жиноят эканлиги ва жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрисидаги тушунтиришларига қарамасдан, МЧЖ оператори Ш.У пора таклиф қилишни канда қилмаган.

Ушбу ҳолат юзасидан майор Т.Ражабов пора таклиф қилаётган фуқарога нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, вилоят ИИБ раҳбарият номига билдирги берган.

2022 йил 1 март куни ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ ШХББ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси, вилоят ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ва вилоят прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Ш.У. Қарши шаҳар ИИО ФМБ 3-сонли ИИБда майор Т.Ражабовга 1300 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни берган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланди.

Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан Ш. У.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here