Рўзиқул Бердиев кечаги ўйинда содир бўлган жанжал ва Ислом Кенжабоевни яна клубга таклиф қилгани ҳақида гапирди

«Насаф» клуби Суперлиганинг 12-турида ўз майдонида «Сўғдиёна»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувдан кейин «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

– Бугун кескин курашга ва хиссиётларга бой ўйин бўлди. Айтишим керак, ҳеч қачон футболчиларимизга майдонга чиқиб ҳиссиётга берилинглар ёки рақиб билан уришинглар деб айтмаймиз. Агар майдонда футболчиларимиз ўзларини ноодатий тутган бўлишса, биз мураббийлар бунинг учун узр сўраймиз. Албатта, ўйинчимиз жазосини олди, қизил карчтока билан. Энди кейинги ўйинларда бизга таъсири қилиши мумкин. Бугун майдонда икки етакчи жамоа ўйнади. Ғалаба учун иккала жамоа ҳам бор кучи билан ҳаракат қилди. «Сўғдиёна» жамоаси бежизга юқори ўринларда юргани йўқ. Бу тажрибали жамоа. Яхши шаклланди. Шу боис бизга анча қийинчилик туғдирди. Бугунги ўйинда таркибимизда бир қанча ўзгаришларни қилдик. Бунга кескин сабаблар бор. Бир қатор футболчиларимизда шамоллаш бўлгани учун машғулотларда қатнашишмаган. Натижада ўйин схемамиз ва таркибимизда ўзгаришлар қилдик. Асосийси, бугун кучли рақиб устидан ғалабага эришиб, уч очкони қўлга киритдик. Ўйлайманки, йўқотилган очколарни мана шундай қийин ўйинлардаги ғалабаларимиз билан тўлдиряпмиз.

– Норчаевнинг жароҳати жиддий эмасми?

– Жиддий эмас, ҳозир шифокоримиздан сўрадим. Фақат мушкулларига қаттиқ зарба бўлган. Ўйлайманки, кейинги ўйингача тикланади.

– Умар Эшмуродовни қўлида жароҳат бордек кўринди. Аслида вазият қандай?

– Қўли билан боғлиқ эмас. Умарда ҳам бироз шамоллаш аломати бор эди. Шунга қарамасдан у жасорат кўрсатиб, ўйинга тайёрман, жамоага ёрдам бераман деб майдонга тушди.

– Ислом Кенжабоев Кореядан қайтиб «Қизилқум»га ўтди. Уни «Насаф»га қайтариш имкони бўлмади?

– Буни Кенжабоевдан сўраш керак. Бу ҳақида сизларга ва мухлисларга шуни айтмоқчиманки, биз Кенжабоевни «Насаф»га таклиф қилдик. Ўзим ҳам агентига айтдим. Агар келса, жон деб олардик. У жамоамиз ўйинига ҳам тезроқ киришиб кетарди, чунки ўзимизни ўйинчи эди. Бироқ у «Қизилқум»ни танлади.

– «Сўғдиёна» футболчилари ва мураббийни асабийлашиши тўғри бўлди деб ўйлайсизми?

– Футбол – бу ҳиссиётга бериладиган ўйин. Улуғбек Бақоевни мураббий ва инсон сифатида ҳам яхши биламан. Жамоаси ҳам ўзини характерига ўхшайди. Шу боис уни айбламаган бўлардим. Бу уларни биринчи мағлубияти бўлди. Шунинг учун балки хиссиётга берилгандир. Ҳар бир характерли жамоага ютқазиш ёқмайди.

– Трансфер ойнаси очиляпти. Кўзлаган ўйинчиларингиз борми?

– Кенжабоевни жуда хоҳлагандик. Ўзига ҳам раҳбарларимиз мурожаат қилди. Бундан ташқари, ҳужум чизиғини кучайтириш учун легионер оляпмиз, аниқ бўлса тез орада эшитасизлар. У Марко билан бир жамоада ўйнаган. Уни тавсияси билан таклиф қиляпмиз. Музокаралар охирига яқинлашиб қолди.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here