Косоннинг энг чекка ҳудудида ҳаёт қайта жонланмоқда

643

Косон Қашқадарё вилоятининг энг катта ҳудудга эга туманларидан бири бўлиб, Ширинтепа туманнинг кекса қишлоқларидан. 1984 йилда илк пойдевори қурилган бу гўша туман марказидан тахминан 35-40 километр узоқликда жойлашган ва бугун бу ерда 2246 нафар аҳоли доимий тарзда истиқомат қилади.

Мавзуга доир: Косоннинг энг олис қишлоғига ичимлик суви келади

“Ширинтепа”да салкам қирқ йил аввал қуриб фойдаланишга топширилган кўплаб бинолар, турар жой массивлари, мактаб ва шифохона ҳамда қишки кўнгилочар маданий ҳордиқ маскани “Обод қишлоқ” дастури доирасида қайтадан таъмирланиши режалаштирилган.

Аввало, дастур доирасида қишлоқ хонадонларининг олди ва ариқлар тозаланди. Дов-дарахтлар экилиб, деворлар оқланди.

Йиллар давомида ичимлик ва суғориш сувидан қийналган аҳоли учун “Обод қишлоқ” дастури яхши янгилик билан бошланди десак, асло муболаға бўлмас? Айтиш мумкинки, қишлоққа неча йиллардан буён ичимлик суви келмаган.

Одамлар 60, 70 километр узоқликдан бир ҳовуз сувни 70 мингдан 90 минг сўмгача сотиб олиб, истеъмол қилишган. Косон тумани ҳокимининг ташаббуси билан мазкур қишлоққа оби ҳаёт қайтмоқда. Ҳозирда мазкур лойиҳанинг сўнгги ишлари амалга оширилмоқда.
Энг асосийси эса 80 тонна ҳажмга эга сув йиғиш иншоотининг қишлоқ марказига ўрнатилгани айни муддао бўлди. Ичимлик суви қувурлари 15 километргача тортиб борилади. Бу орқали бугун қишлоқ аҳолисининг кўзида ҳам қувонч ҳам ишончни кўриш мумкин. Тасаввур қилинг, энди ҳар бир хонадон табиий ичимлик сувидан текинга фойдаланиш имконига эга бўлди.
Бундан ташқари, бир вақтлар клуб, кейинроқ эса кинотеатр сифатида фойдаланилган яна бир бино қайтадан реконструкция қилиниб, унинг атрофи ва ўзи аҳоли учун савдо мажмуасига айлантирилади. Аслида, бу бино анчайин эскириб, деворлари нураб, пойдеворлари ҳам яроқсиз ҳолга келиб қолган. Уни қайтадан кинотеатр сифатида фаолият олиб бориши учун жуда катта маблағ керак. Бундан ташқари, аҳоли қатлами ва эҳтиёжини инобатга олган ҳолда, мазкур бино бозор маркази учун мажмуа сифатида таъмирланмоқда.

Бир вақтлар собиқ иттифоқ даврида “колхоз” деб юритилган идора биноси ҳам ширинтепаликлар учун ҳақиқий туҳфа бўлиш арафасида. Бу ерда бир вақтнинг ўзида ҳам маҳалла биноси, ҳам тикувчилик цехи, каштачилик, гўзаллик салони ва пастки қават тўлиқ қишлоқ врачлик пункти сифатида фойдаланишга топширилади.
Энг қувонарлиси, касаначилик билан шуғулланиб келаётган ва момоларидан, оналаридан мерос қилиб олинган қадимий хунарлар айнан қишлоқ аёлларининг ўзидан шу ерлик ёш қизларга ўргатилаяпти.
-Бу ерда қизларнинг, келинларнинг сеплари миллий қуроқлар, кашталарсиз бўлмайди,-дейди устоз Гўзал Элмуродова. Ҳар бир қиз борки, ўзи учун ўз қўли билан сепига кашта тикиб, беғубор орзулар қилади. Бу бизда анъана тусига кириб бўлган.
Эътиборимни тортган яна бир жиҳат бу тикувчи қизлар орасида қўллари ногирон бўлса-да, лекин бир-биридан бежирим либослар тикаётган Жамила Бўтаева бўлди.

-Бу кўйлакларни ўзингиз тикдингизми,- беихтиёр қизиқсиниб уни саволга тутдим.
-Ҳа, ўзим.
-Тикишни қаердан ўргангансиз?
-Ҳеч қаердан. Шунчаки уйда бекор ўтирганимда ҳар-хил кийимларнинг ички чокларини, тикилиш ва ўлчамларини диққат билан ўрганиб чиққанман. Кейин секин-аста ўзим кичик-кичик кўйлакчалар, болалар кийимчаларини тажриба сифатида тикиб кўра бошладим. Ишларим уйдагиларим ва бошқаларга манзур бўлавергач яқинда туман ҳокимлиги томонидан ташкил этилган уч ойлик тикувчилик курсларига қатнаб, ўқиб сертификат олдим, ҳам билимимниям бойитдим.

Қишлоқ оқсоқолининг айтишича, иттифоқ даврида бу бино анча “машҳур” ва аҳамиятли бўлган экан. Қишлоқ одамлари шу қадар содда ва беғуборки, ҳатто ўша давр рўзномалари, ойномалар, эълонлар учун мўлжалланган кўргазмали тахтани ҳали ҳам сақлаб қолишган.

Ширинтепаликлар йиллар давомида сувга чанқоқ яшашган бўлса-да, қишлоқ четида боғбон онахон Насиба Эргашева бир ярим тубдан зиёдроқ мевали дарахтлар экиб, кичикроқ боғ яратишга улгурган.
-Боғимизнинг ичида ўрик, анжир, олма, шафтоли, беҳи, сувсизликка чидамли бодом бор. Афсус, хурмо дарахтини кўкартира олмаяпмиз. Балки келажакда ўхшаб қолар. Бундан ташқари, бедапоямиз, нўхат ва помидор, бодринг каби полиз маҳсулотлари ҳам экилган. Оилавий шу боғда меҳнат қиламиз. Ўтган йили помидордан яхшигина ҳосил олгандик. Бу йил ҳам насиб ёмон бўлмайди, деб турибмиз. Ўғлим иссиқхона қуришни режалаштириб турибди. Ерга, боғдорчиликка меҳри баланд. Нимаям дердим, она сифатида боламни дуо қиламан. Меҳнатдан топганинг, ҳалол ризқ бўлсин, дейман,-дейди Насиба хола.

Сув йўқ бўлса бу боғ қандай яратилди, деган ҳақли савол туғилиши табиий. Гап шундаки, боғбон онахон роса ишбилармон ҳам эканлар. Боғни суғориш учун ер тагидан 200 метр чуқур қазиб, сув чиқарилган. Ҳам қизиқ, ҳам завқли жараён. Чўлнинг ўртасида худди жаннатдек, ям-яшил боғ барпо этилган.

Хуллас, бугун Ширинтепада ҳақиқатдан ҳаёт қайтадан жонланмоқда. Одамларнинг кўзларида эртанги кунга ишонч ва масъулият бор. Масъулиятки, оиласи, фарзандлари, яшаб турган қишлоғининг келажаги, ривожи ва тараққиёти учун қайғуриш ҳисси.

Бугун бу олис қишлоққа етиб келган ва яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш ҳамда замон билан ҳамнафас қадам ташлаш ҳар бир ширинтепаликнинг мақсадига айланиши шарт. Чунки, қисқа фурсатда бўлган ва бўлаётган бу ўзгаришларнинг давомийлиги айнан шу ерликларнинг ўзига боғлиқ. Зотан, энг чекка ҳудудларда қайтадан жонланиш, бир сўз билан айтганда, ҳаётнинг қайнаши доимо уйғоқ, меҳнатсевар ва янгиликка ўч одамларга суянади.

Дилшод Набиев тайёрлади

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here