​​​​Сурхондарёда яшовчи фуқаро деҳқонободлик танишини 215 млн сўмга чув туширди

350

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида яшовчи фуқаро Деҳқонобод туманида яшовчи танишини 215 миллион сўмга чув туширди. Бу ҳақда туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Дилшод Мирзаев хабар берди, деб ёзади Деҳқонобод ҳокимлиги ахборот хизмати.

Маълум бўлишича, Сурхондарё вилоятида яшовчи фуқаро А.Ҳ. Деҳқонобод туманидаги таниши Худойшукур Муҳаммадиевга дастлаб машина олиб беришни ваъда қилиб, унинг 80 миллион сўм пулини олади. Айтилган вақт ва фурсат етса-да, машинадан дарак бўлмайди.

Пули ёки машинасини сўраган танишига эса, унда янги фикр туғилганини айтиб, коврак шираси олди-сотдиси билан шуғулланишни таклиф қилади. Ёлғон гаплар билан танишининг ишончига кирган фуқаро коврак экиш учун ер олиб бериш ваъдаси билан ундан яна пул олади. Тез орада сурхондарёлик фуқаро деҳқонободлик танишининг 215 миллион сўм пулини ўз шахсий манфаатлари учун сарфлаб юборади.

Деҳқонобод туманининг Яшнобод маҳалласида вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари Хуршид Отаназаров, Деҳқонобод туман ИИБ бошлиғи Ғайрат Ҳайдаровлар иштирокидаги давра суҳбатида айни шу масала муҳокама қилинди.

“Деҳқонободлик фуқарони 215 миллион сўмга чув туширган Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида яшовчи 42 ёшли фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари бошлаб юборилди”, — деди вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, Тергов бошқармаси бошлиғи Хуршид Отаназаров.

Шунингдек, давра суҳбатида сўз олган МФЙ раиси ва маҳалла оқсоқоллари ҳудудда фирибгарлик жинояти содир этилганини афсус билан тилга олиб, бундан кейин жиноят содир этилишига йўл қўймаслик ҳақида фикр билдирди.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here