Бош саҳифа » МАҲАЛЛИЙ » "Тоза ишлади, синдирди коррупцияни". Шавкат Мирзиёев Муротжон Азимов ҳақида илиқ фикрларни айтди

"Тоза ишлади, синдирди коррупцияни". Шавкат Мирзиёев Муротжон Азимов ҳақида илиқ фикрларни айтди

22 апр 2022
2 977
МАҲАЛЛИЙ

Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бошланди. Унда Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.Сессия кун тартибига ташкилий масала қўйилди. Давлат раҳбари  Қашқадарё вилоят ҳокими лавозимига Азимов Муроджон  Бердиалиевич номзодини кўрсатди.

"Қашқадарёга янги ҳоким тайинлашимиз керак. Бу элнинг феълини билган одамнинг номзодини айтмоқчиман. Мен уни кеча эмас, 15 йилдан бери биламан. Божхона тизимида тажриба тўплаган, менинг ишончимни оқлади. Албатта оғир бўлди, аммо тоза ишлади, синдирди коррупцияни. Ўзимга ўзим савол бераман. У ёки бу соҳага, ҳудудга раҳбарни тўғри танладимми? Баъзан ишонч билан, баъзан иложсизликдан кадр қўямиз. Чунки яхши кадр топиш жуда қийин.  Биласизларми, битта мактабга фидойи директор келса, муҳитни қанча яхши томонга ўзгартиради.

Бу номзодни фақат президент айтган бўлиб қолмаслиги учун 6 ой вилоятга жўнатиб, сизлар олдингизда синовдан ўтказдим.  Барча депутатлар ва вилоят фаолларига айтмоқчиман, сизлар бефарқ бўлмасангиз, сизлар бирдамлик билан ишласангиз, вилоятда ҳаёт ўзгаради. Бугунги қўядиган ҳокимимиз Қашқадарё вилоятининг тақдирини ўзгартириши керак.

Авваллари Наманганга борганда тадбиркорлик йўқ эди, ривожланиш йўқ эди. Бош вазир пайтимда вилоятга борсам, "бу кўчага кириб бўлмайди, вазияти бошқача" дейишарди.  Мана яхши номзод қўйдик, Наманган халқининг ишончини қозонди, ҳозир бу вилоят олдинги ўринларда. Нега Қашқадарёда шундай бўлмаслиги керак? 

Бу вилоят бошқа ҳудудлардан орқада. Бу ерда эрталаб ярим соат вақтлироқ иш бошлаб, камида 2 соат кўпроқ ишлаш керак. Бу ерда ҳоким бўлган одам қаттиққўллик билан иш олиб бориши зарур" , - деди Президент Шавкат Мирзиёев. 

Давлат раҳбари  депутатларда агар бошқа номзодлар бўлса, уни ҳам кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди. Сессияда фаоллар ва депутатлар номзодни қўллаб-қувватлашди.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: