Бош саҳифа » ТАНҚИДИЙ » Қашқадарёнинг яна бир ҳудудида "Openbudget"нинг 1-босқичида қилиниши керак бўлган ишлар умуман бошланмагани аниқланди

Қашқадарёнинг яна бир ҳудудида "Openbudget"нинг 1-босқичида қилиниши керак бўлган ишлар умуман бошланмагани аниқланди

04 окт 2022
1 436
ТАНҚИДИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Оқиртма МФЙ аҳолиси жорий йилнинг апрель ойида "Openbudget" лойиҳаси асосида 400 млн cўмга яқин маблағ ютиб олганди. "Ташаббусли бюджет"нинг  биринчи босқичи асосида қишлоқда ер ости сувларидан фойдаланиш учун артизан қудуғи қазиш режалаштирилган. Лойиҳада ютиш учун фуқаролар 5046 та овоз тўплашган ва ғолиб бўлишган.

Аммо шу йилнинг апрель ойидан буён қишлоқда ҳеч қандай иш амалга оширилмади. Шу туфайли фуқаролар "Nasafnews"га мурожаат қилди. Уларнинг сўзларига кўра, артизан қудуқ қазиш лойиҳасини ютиб олган фирма ишларни кечиктирмоқда. Мутасаддилар эса бу жараённи назорат қилмаяпти.

"Nasafnews" мухбири мазкур мурожаат юзасидан Деҳқонобод тумани ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Шердил Эргашев билан боғланди. Ҳоким ўринбосари ҳақиқатдан ушбу ҳудудда артизан қудуқ қазиш ишлари умуман бошланмаганини тасдиқлади ва тез орада артизан қудуқ қазиш ишлари бошланиши, бу бўйича ишларни кечиктирган масъулларга тегишли чоралар кўрилганини айтди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шаҳрисабзда "Openbudget" лойиҳаси доирасида асфальт қилиниши керак бўлган йўлда ишлар чала ташлаб кетилгани, бу борада туман ҳокимлиги жамаотчиликни чалғитиб, ёлғон маълумот тарқатгани ҳақида ҳам 
хабар қилгандик.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: