Муборак тумани ҳокими ўринбосарлари билан биргаликда блогер устидан шикоят қилди
Муборак тумани ҳокими Акрам Арипов ўзининг барча ўринбосарлари билан биргаликда туманда фаолият кўрсатаётган блогер Дилшод Сафаров устидан туман прокуратураси, ИИБ ва ДХХга ариза ёзди. "Nasafnews"га бу аризанинг нусхаси мавжуд бўлиб, унда ҳокимлик блогерга жиддий айбловларни қўйганини кўриш мумкин.
Жумладан, туман ҳокими бошчилигида ёзилган аризада блогерга маҳаллийчилик ва миллатчилик қилиш каби кескин айбловлар қўйилган.
"Nasafnews" мазкур ҳолат юзасидан аризада исми келтирилган мубораклик блогер Дилшод Сафаров билан мулоқот қилди.
"Муборак туман ҳокими шахсан мен билан доим яхши муомалада бўлиб келаётган эди. Аммо яқинда бўш ҳудудларга депутатлик сайловларида ўз номзодимни бердим. Ҳокимликнинг ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари Улуғбек Шоматов сайловда менинг номзодимни қўймади. Сабабини сўрасам, ҳоким рухсат бермади деди. Бу ҳолат бўйича Акрам Ариповга 5-6 маротаба илтимос қилиб, қўнғироқ қилдим. Аммо ҳоким мени алдаб, сайлов ўтгунича вақтни чўзди. Шундан сўнг, бўлган ҳолатни ўзимга тегишли каналларда ёритдим. Мен сайловнинг ноқонуний ўтгани ҳақида ҳеч қаерга мурожаат қилмадим. Аммо бундан фойдаланган ҳокимлик вакиллари мени устимдан шикоят ёзиб қолишган. Уят эмасми, хақлнинг муаммоси билан ишламай туриб, блогерни овозини ўчириш билан машғул бўлиш?" ,- дейди Дилшод Сафаров.
"Nasafnews" вазият юзасидан Муборак тумани ҳокими Акрам Ариповнинг матбуот котиби Ёдгор Туймуродов билан боғланди.
Унинг айтишича, иш судгача бормайди.
"Аризанинг мазмуни билан тўлиқ таниш эмасман. Бу борада раҳбариятга ким таклиф берганини ҳам билмайман. Улардан сўраганимда ҳокимиятга нисбатан ёзилган гаплар, озгина шахсиятга ўтиб кетишлар сабаб бўлганини айтишди", - дейди у.
Ҳоким матбуот котибининг қўшимча қилишича, блогер устидан ёзилган ариза қайтариб олинади ва унга нисбатан эътироз йўқлиги билдирилади.
Бу фақатгина ҳокимлик матбуот котибининг фикри. Аммо жараён ҳақида туман ҳокими қандай муносабат билдиради? Акром Арипов билан суҳбатимиз янада қизиқ кечди.
"Депутат бўлишим керак деяпти, депутатликка мен сайламайманку! Мен депутатликка номзод кўрсатувчи одам эмасман. Ҳақиқатдан устидан ариза ёзилган. Бутун "район"ни, халқни ҳокимиятга қарши қўйяпти у. Латокларни еб кетди, деяпти. Латокни еб кетган бўлсам асослаб бер, деб айтдим. Фақат ҳокимни танқид қилиш иши. Лекин мен танқидни тўғри қабул қиламан. Аммо бир одатим, ноҳақликка чидай олмайман. Бу бутун халққа, ҳокимга баҳо бериб, ҳоким кетсин деб, бутун халқни қўзғаб нима қилади? Ундай қилмаслик керак, мен вазир бўлган одамман. Ҳалоллигим учун ишлаб юрибман", - дейди Акрам Арипов "Nasafnews" мухбири билан суҳбатда.