Масжид ва вагонда ишлаётган маҳаллага ёрдам керак
Қарши шаҳридаги Қавали маҳалласи неча йиллардирки, қўнимсизликда масжид ва вагонда ишламоқда. Бу ҳақда «Nasafnews»га мурожаат қилган фуқаролар шантажга чиқарилди. Мухбирларга эса тасвирга олиш ишларига қаршилик қилинди.
Аввалига маҳалла профилактика инспектори маҳалла биносини рухсатсиз тасвирга олиш мумкин эмаслигини айтди. Балки бу бино ўта махфий қароргоҳдир. Ким билсин.
Орадан вақт ўтиб, воқеа жойига шаҳар Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Наргиза Хонқулова етиб келди. Аммо у ҳам тез орада маҳалла раиси келишини айтиб, бизга интервью бермади. Борингки, воқеа жойига раис ҳам келмади.
Наргиза Хонқулованинг айтишича, ҳақиқатдан маҳалла биноси йўқ. Аммо 2022 йилда манзилли дастурга киритилган бўлиб, декабрь ойи якунига қадар ҳудудда маҳалла қурилишини маълум қилди.
Қашқадарё вилояти Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Турсунов ва Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев вагонда тиқилиб ишлаётган маҳалла ходимларининг муаммосига қандай муносабат билдиради? Ҳозирча бизга шу саволнинг жавоби қизиқ.