Кўкдала туманида кўп йиллардан буён эрта пишар тарвуз етиштириб келинмоқда. Бу йил ҳам ҳудудда тарвуз одатдагидан олдин пишиб етилди. Ҳар куни далалардан йиғиб олинаётган тарвузлар Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Россия давлатларига экспорт қилинмоқда.
Жорий йилда туманда тарвуз экиладиган ер майдони сезиларли даражада кенгайтирилиб, аввалги 15 минг гектар ўрнига 22 минг гектарга етказилди. Шундан 10 минг гектар майдонга “Долби” навли тарвуз экилди. Мазкур нав сувсизлик ва иссиққа чидамлилиги, юқори ҳосилдорлиги ҳамда экспортга яроқлилиги билан бошқа тарвуз навларидан ажралиб туради. Энг қувонарлиси, бу навдаги тарвузлар оддий турларга нисбатан анча эрта пишади.
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси масъул ходимлари томонидан маҳсулотларни экспорт божхона режимида расмийлаштириш жараёнида енгилликлар яратиш ва тартиб-қоидалар юзасидан доимий тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, ҳозиргача Қашқадарё вилоятидан рўйхатдан ўтган ташкилотлар томонидан деярли 2 минг тоннага яқин тарвуз “экспорт” божхона режимига расмийлаштирилган.