Қашқадарёлик жарроҳлар бемордан 5 килограммлик ўсмани олиб ташлади
Тиббиётда “Фил одам” синдроми деб номланган касаллик бор. Илмий тилда нейрофиброматоз (Реклингхаузен синдроми) деб аталадиган бу ноёб наслий хасталик дунёда ҳар 100 минг аҳолига 30-40 нафарга тўғри келади, тери, асаб, таянч-ҳаракатланиш тизимлари, кўриш, эндокрин аъзолари зарарланиши билан кечади.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали жарроҳлик бўлимида узоқ йиллар мана шу касалликдан азият чекиб келган беморда жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди.
Ғузорлик II гуруҳ ногирони, 39 ёшли эркак бемор белининг чап соҳасидаги катта ўсма шиш (нейрофиброматоз, 1-тип) ҳаракатда ноқулайликка, ҳолсизликка сабаб бўлиб келган. Жарроҳлар Ғиёсиддин Халилов, Абдусалим Мўминов ва Абдували Абраев томонидан бажарилган операция натижасида бемор танасидан 5 килограммлик ўсма олиб ташланди. Айни пайтда аҳволи қониқарли бўлган бемор режали муолажаларни давом эттирмоқда.
Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.
Ўхшаш янгиликлар:
Қаршида навбатдаги буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилди
Бу сафар эр хотинига бир буйрагини берди.