Қаршида навбатдаги буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилди
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалида навбатдаги мураккаб трансплантация жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси хабарига кўра, Косонлик 45 ёшли бемор аёл Х.Ҳ. 13 йилдан буён сурункали гломерулонефрит касаллигидан азият чекиб келади. Саккиз ойдан буён гемодиализ сеансларини олади. Унга турмуш ўртоғи С.С. бир буйрагини берадиган бўлди. Керакли текширувлардан сўнг жарроҳлик амалиётини Қаршида ўтказиш режалаштирилди.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази хирургия бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фарҳод Хаджибаев раҳбарлигидаги гуруҳ ва маҳаллий мутахассислар иштирокида ўтказилган операция муваффақиятли бажарилди. Айрим текширув харажатларини ҳисобга олмаганда операция бепул ташкил этилди.
"Энг муҳими, гуруҳ таркибидаги бу борада тажриба оширган қашқадарёлик 4 нафар шифокор-жарроҳ, 2 нафар операция ҳамшираси, 2 нафар анестезиолог ҳамшира мураккаб босқичларни мустақил амалга оширишди. Келгусида бу каби мураккаб амалиётларни филиалнинг ўзида тўлиқ мустақил тарзда ўтказиш кўзда тутилган", - дейди филиал директори, тиббиёт фанлари номзоди Равшан Тўлаков.