"Блогер" — "Эзгулик" жамияти фаоли Элмурод Одил 15 суткага қамалди
Ижтимоий тармоқларида яккабоғлик блогер Элмурод Одилга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Олий судининг расмий Telegram-каналида ҳолат юзасидан расмий ахборот берилди.
Судда аниқланишича, “Инсон ҳуқуқлари” нодавлат ташкилоти “Эзгулик” жамияти Яккабоғ туман бўлими фаоли Э. Одилов 2023 йил 30 январь куни соат 8.30 ларда Яккабоғ тумани, Алақарға қишлоғида жойлашган 71-сонли кўп тармоқли оилавий шифохона биносига келиб, шифохона биноси ичида видеотасвирга ола бошлаган. Ўша кезда шифохона бош ҳамшираси Ж. Мустафаева ундан нима сабабдан видео тасвирга олаётганини сўраган. Бунга жавобан Э. Одилов жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, Ж. Мустафаевани оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилган ва шу ердаги фуқароларнинг осойишталигини бузган.
Э. Одилов ўзининг ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини давом эттириб, 2023 йил 30 январь куни соат 10.30 ларда туман ҳудудида жойлашган “Яккабоғ истиқболи” деҳқон бозори олдида такроран жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, Ж. Мустафаевани кўпчилик ҳузурида оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиб, уни ва шу ердаги фуқароларнинг осойишталигини бузган.
Гарчанд суд жараёнида Э. Одилов ўзи содир этганҳуқуқбузарликка иқрорлик билдирмаса-да, судда унинг айби жабрланувчи Ж. Мустафаева, гувоҳлар Г. Қулматова ҳамда З. Хуррамованинг кўрсатмалари, шунингдек терговга қадар текширувда тўпланган ҳужжатлар, жумладан ариза, тушунтириш хатлари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ҳамда жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ва маъмурий жавобгарликка оид иш қўзғатиш ҳақидаги қарор билан ўз тасдиғини топган.
Шу тариқа жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман судининг 2023 йил 31 январдаги қарорига асосан Э. Одилов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган, деб топилган ва унга нисбатан мазкур модда билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.
Суд жараёни якунида тарафларга суд қарори мазмуни ҳамда унинг устидан шикоят қилиш тартиби тушунтирилган.
Ўхшаш янгиликлар:
Муборакда шифокорларни ҳақорат қилган ҳуқуқбузар 12 суткага қамалди
Жиноят ишлари бўйича Муборак туман суди томонидан навбатдаги суд мажлиси ўтказилган.