Ислоҳотлар амалда

Давлат раҳбари томонидан 2022 йилга “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб ном берилди. Бу албатта бежизга эмас. Зеро ислоҳотлар аввало оиладан, маҳалладан бошланади. Шу маънода янги йилдан иш бошлаган ҳоким ёрдамчилари ҳам мана шу улуғ мақсад-муддаога ҳамоҳанг дейиш мумкин.
Чироқчи туманидаги “Уйшун” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳоким ёрдамчиси Сардор Абдуллаев томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтсак.
Аввало, Сардор Абдуллаев ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак. С.Абдуллаевнинг ота-боболари уйшунлик. У маҳаллий давлат ҳокимияти ижро органларида турли масъул лавозимларда ишлади, юқори лавозимларга муносиб кўрилди. Аммо ундаги ватанпарварлик ҳисси, ўз бобомаконини обод қилиш, ислоҳотларни жадаллаштиришни мақсади барчасидан устун келди ва ҳоким ёрдамчиси сифатида иш бошлаб, қисқа фурсатда талай ишларни амалга оширди.

Шаҳрисабз тумани Янги қишлоқ маҳалласида биогумус етиштириш
Қарши туманида интенсив усулда балиқ етиштириш,
Деҳқонобод туманида писта ва коврак етиштириш,

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида манзарали кўчатларни етиштириш тажрибасини ўрганиш мақсадида 40 нафар тадбиркорлар ва маҳалла фуқароларини жойига олиб борилиб таништирилди. Натижада, 5 та хонадонда биогумус етиштириш, 1 та хонадонда интенсив усулда балиқ етиштириш, 7 та хонадонда манзарали кўчатлар етиштириш йўлга қўйилди.

Қорабой ҳожи қабристонида ободонлаштириш ишлари бошланди. Хусусан, 1000 метр қабристон девори қурилиши бошланиб, аҳоли томонидан ҳашар ишлари ташкил қилинди. Шунингдек, манзарали кўчатлар экилди. Ҳашарчиларга “Санам” фабрикаси томонидан ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилиб, совғалар улашилди.

Йўлларни созлаш бўйича ҳам ишлар жадал бормоқда. Тадбиркорлар ва фаоллар ташаббуси билан маҳалладаги 1,2 км ички йўл текисланиб, тош ва қум ётқизилди. Худди шунингдек, маҳаллага рамзий кириш дарвозаси ва маҳалла марказидан тунги чироқлар ҳам уйшунликларга манзур бўлди.

Туман ҳокими ташаббуси билан маҳалла марказида ҳоким ёрдамчиси учун жой ажратилиб, 810 та хонадонда хатлов ишлари олиб борилди.

Яна бир хайрли иш. Маҳалладан туман марказигача бўлган масофа 25 км, қўшни 10 та маҳалладаги 60 минг нафар аҳоли ва 400 та тадбиркорлар учун қулайлик яратиш мақсадида ҳоким ёрдамчисининг таклифига кўра Уйшун маҳалласида давлат хизматлари марказининг филиали ташкил этилди.

Шунингдек ҳоким ёрдамчиси томонидан маҳалла ёшларининг чуқур билим олишлари масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу йўналишда Тошкент шаҳридаги «Зиё таълим» ўқув маркази раҳбарлари билан музокаралар олиб борилди ва маҳалладаги тадбиркорга қарашли бино ўзаро келишув асосида бепул фойдаланиш учун берилди ҳамда ўқитиш учун зарур жиҳозлар билан таъминланди. Натижада, «Зиё таълим» ўқув марказининг филиалини ташкил этиш орқали 100 нафардан ортиқ ёшлар учун қўшимча таълим хизмати йўлга қўйилди. Ўқув курсларида олий ўқув юртларига абитуриентларни тайёрлаш, математика, тарих, она тили ва адабиёт, ментал арифметика фанлари бўйича машғулотлар олиб борилмоқда. Аҳолининг фарзандларини узоқ ҳудудларда ўқитиш билан боғлиқ ортиқча сарф харажат ва оворагарчиликлари бартараф этилиб, маҳалланинг ўзида билим олишлари учун имконият яратилди. Келгусида компьютерга ўқитиш курсларини ташкил этиш режалаштирилди.

Қарши шаҳридаги “Санам” тикувчилик фабрикаси билан ҳамкорликда “Уйшун текстил чеварлари” оилавий корхонаси ташкил этилиб, маҳалладаги 20 нафар аёллар учун доимий иш ўрни яратилди, электрон меҳнат дафтарчаси рўйхатдан ўтказилди. Тикувчилик цехи ташкил этиш учун тадбиркорлар билан учрашиб, лойиҳани амалга ошириш учун бино аниқланди.

Уйшун марказида биринчи ветеренария шаҳобчаси ташкил этилди. Шаҳобчада, ветеренария хизмати, консультация ва вет дорихона хизматлари йўлга қўйилди.

“Халил чорва” фермер хўжалиги томонидан чорва моллари учун гранулали ем ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилади.

Қашқадарёда кўпкари спорти оммалашган. Йил давомида ўтказиладиган кўпкари ўйинчилари учун махсус пойабзал ишлаб чиқарилади. Ушбу фаолиятни кенгайтириш лойиҳаси учун уйшунлик Б.Абдиевга имтиёзли кредит асосида пойабзал тикиш ускунаси олиб берилади. Натижада 3 та иш ўрни яратилади.
Иштиёқи, ғайрати бор, ўз-ўзини банд қиладиган кишиларни қўллаб-қувватлаш ҳам тизимли йўлга қўйилган. Масалан ушбу маҳаллалик 2-гуруҳ ногирони Норпўлат этикдўзлик билан шуғулланади. Унга маъқул шароит яратиш мақсадида алюмин профилдан кўчма дўкон ташкил этилди.

Яна бир шундай ташаббуслардан бири – ҳудудда чархчилик ва темирга ишлов бериш цехи ташкил этилганлигидир. Чархчи Абдужаббор Холмуминов “Ҳунарманд” уюшмасига аъзоликка рўйхатдан ўтказилди ҳамда фаолиятини кенгайтириш учун 33 млн. сўм имтиёзли кредитга тавсия берилди.
Цехда аҳоли учун пичоқ, кетмон ва бошқа меҳнат қуролларини чархлаш ишлари амалга оширилади. Бундан, ташқари темир дарвоза, панжара ва темир маҳсулотларина ишлов бериш йўлга қўйилди. 2 нафар шогирд бириктирилди, 3 нафар ёшлар бандлиги таъминланди.
Оилавий тадбиркорлик дастурлари бўйича 30 та 1,5 млрд сўмлик, ҳудудий дастурлар бўйича 5 та 21 млрд. сўмлик лойиҳалар ишлаб чиқилиб, ушбу лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 647 та янги иш ўринлари яратилади.
Дарвоқе, Уйшунда қурут маҳсулотини тайёрлаш кооперацияси йўлга қўйилганлигидан кўпчиликни хабари бўлмаса керак. Маълумот бериб ўтамиз, Уйшун маҳалласида ҳоким ёрдамчиси томонидан хатловларда аниқланган эҳтиёжманд ва боқувчисини йўқотган 8 нафар хотин-қизларни иш билан банд бўлиши ва касб-ҳунар ўрганиш истагини билдирган. Маҳалладаги Каримжон Қаюмов хонадонида қурут тайёрлаш бўйича мастер класс ўтказилиб, тегишли тавсия ва кўрсатмалар бериб ўтилди. Дастлаб, 8 нафар хотин қизлар ушбу хонадонда қурут тайёрлашга ўргатилиб, даромад топиш йўлга қўйилди. Шунингдек, қурут ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида ушбу хотин қизларнинг хонадонларига қурут тайёрлаш ускунаси ва ярим тайёр маҳсулот кўринишда етказилиб, тайёр маҳсулотлар тадбиркор томонидан харид қилинмоқда.

Баҳор келиши билан “Уйшун”да ишлар янада жадаллашди. Чунки, кўкаламзорлаштириш, баҳорги деҳқончилик ишларини ўз вақтида бажариш юқори ҳосил ва самарадорлик асоси ҳисобланади. Ушбу маҳаллада янги драйвер сифатида манзарали кўчатлар етиштириш ва интенсив усулда балиқ етиштириш йўлга қўйилиши ҳам бу баҳорги юмушларни тез фурсатларда аниқ ва сифатли амалга оширишни тақозо этади. Шу мақсадда хонадонларда помидор, лимон ва томорқа экинлари экиш бўйича тарғибот ва ўрганиш ишлари бошлаб юборилган.
Уйшунлик Комилжон Ғофуров Фарғонадан келтирган 500 дона павлония кўчатлари экилиши натижасида павлония плантацияси ташкил этилган бўлса, Худди шунингдек, Фахриддин Исмоилов томорқасиа Сурхондарё вилоятидан 7000 дона арча ниҳоллари экилди. Бу эса яшил макон ва хонадонларда томорқачилик, аҳоли даромадини ошириш борасидаги дадил қадамлар десак муболаға бўлмайди.

Бу ердаги кенг кўламли ишларни кўриб, ҳоким ёрдамчилари ташкил этилиши борасидаги ислоҳотлар амалда эканлигига яна бир карра амин бўласиз.
Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистоннинг жаҳоннинг ривожланган давлатлари андозаси асосида янги тизимини энг биринчи бўғинида хизмат қилаётган ҳоким ёрдамчиси, чин маънода фахрли касб сифатида танилмоқда. Муҳтарам Президентимиз томонидан “Ҳоким ёрдамчилари менинг ҳудудлардаги ишончли вакилларим” деб эътироф этишлари бежизга эмас.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here