Қамашидаги боғчада болалар ерда ётиши тасдиқланди. Тарбиячилар норози бўлган мудирага қандай чора кўрилади?

«Nasafnews.uz» ахборот сайти ўзининг телеграм каналида 2 март куни «Қамашидаги боғчада вазият оғир: Болалар ерда ётишга мажбур бўлмоқда» номли танқидий хабарни эълон қилганди.

Хабарда Қамаши тумани 15-давлат мактабгача таълим ташкилотида мудира қисқа гуруҳ очиб, бадал тўлови сифатида 75 минг сўмдан пул йиғиб, қисқа гуруҳга олинган болаларни кун давомида олиб қолаётгани, қисқа гуруҳга олинган болаларнинг ётиши учун кароватлар йўқлиги маълум қилинган.

Қашқадарё вилояти мактабгача таълим бошқармаси томонидан тузилган ишчи гуруҳ куни кеча боғчада ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини олиб борди.

Бошқарма ахборот хизмати раҳбари Баҳодир Мусаевнинг «Nasafnews»га берган интервьюсига кўра, боғчада бир қатор жиддий камчиликлар аниқланган.

«Ўрганиш натижаларига кўра, Қамаши туманидаги 15 -давлат мактабгача талим ташкилотида соғлом муҳит яратилмаганлиги, қисқа муддатли гуруҳлар фаолияти қониқарсизлиги, соғлом овқатлантиришдаги озиқ-овқат маҳсулотларини билан таъминлаш ва қабул қилиш, методик фаолият, санитария ва бошқа қатор ҳолатларда камчиликлар мавжудлиги маълум бўлди. Юқоридагиларга кўра, бошқарма бошлиғининг 2022 йил 7 март кунидаги тегишли буйруғига асосан масъул, яъни боғча мудирасига нисбатан меҳнат қонунчилигида кўрсатилган ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилди. Шунингдек, ўрганиш давомида аниқланган қатор камчиликлар юзасидан тегишли ҳужжатлар Қамаши тумани прокуратурасига ҳуқуқий баҳо бериш учун тақдим этилди», – дейди Қашқадарё вилояти мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Баҳодир Мусаев.

Баҳодир Мусаевнинг қўшимча қилишича, боғчада қисқа гуруҳга олинган болалар ерда ётгани билан боғлиқ тасвирлар ҳам ўз исботини топган.

«Ўша ҳолат бўлган боғчада. Бир марта бўлган деб тушунтириш беришяпти» ,- дейди у.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here