Қашқадарёда тадбиркорлар яна сарсон. Вилоят ҳокимлиги ва шаҳар ҳокимлиги суд қарорини бажармай дўкони бузилган тадбиркорларни оввора қилмоқда

«Nasafnews» ахборот сайтига Қарши шаҳрида фаолият кўрсатаётган 19 нафар тадбиркор мурожаат этиб келди. Улар Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва Қарши шаҳар ҳокимлиги суд қарори ижросини таъминлашдан бўйин товлаётганини айтмоқда.

Видео:


«Қарши шаҳридаги Амир Темур Кўчасида савдо дўконимиз бор эди. Кўчани реконструкция қилиш муносабати билан 2013 йилда дўконим «снос»га тушиб, бузилди. Орадан шунча йил вақт ўтди ҳамки, менга конпенсация пуллари тўлаб берилмай келинмоқда. Президент ташаббуси билан 2021 йилда «снос» бўйича тадбиркорларга конпенсация пуллари тўлаб бериш топшириғи берилди. Шу муносабат билан биз судга даъво аризаси киритдик. Шундан сўнг, суд бизнинг фойдамизга қарор чиқарди. Аммо ҳозирда суднинг бу қарори ижросини Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва Қарши шаҳар ҳокимлиги бажармай келмоқда», – дейди тадбиркор Баҳодир Бобожонов.

Баҳодир Бобожонов

Тадбиркорларнинг қўшимча қилишича, 2021 йил декабрь ойида конпенсация пулларининг 25 фоизи Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан тўлаб берилган ва қолган қисми 2022 йилнинг январь ойи бошида тўланиши айтилган. Бу масала билан вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Эркаев шуғулланиб, бир неча бор тадбиркорлар билан мулоқот қилган.

Муҳайё Қурбонова

«Дўконим 2 қаватдан иборат эди. Ўзбекистон кўчасини кенгайтирамиз деб 2016 йилда бузиб ташланди. Шундан сўнг, тадбиркорлигим ривожланиш ўрнига орқага кетди» ,- дейди тадбиркорлардан яна бири Муҳайё Қурбонова.

Муҳайё Қурбонованинг айтишича, вилоят ҳокими ўринбосари турли баҳоналар билан тадбиркорларни сарсон қилмоқда.

«Ҳокимликнинг навбатдаги важи суднинг қарорини муҳокама қилиш бўлди. Яъни, Нодир Эркаев ишчи гуруҳ тузиб, ҳолатни яна бир марта ўрганмоқчи экан. Ишчи гуруҳ хулосасига қараб, бизга пулларимиз тўлаб берилиши айтилди. Бу билан Эркаев суд нотўғри қарор чиқарган демоқчими? Ёки бизни оввора қилишнинг яна бир йўлини ўйлаб топяптими?» ,- дейди Муҳайё Қурбонова.

Шавкат Сапаев

«Бу ишчи гуруҳ ҳозирда суднинг қарорини муҳокама қилиш биллан оввора бўлмоқда. Бу қонунга зид ҳолатдир. Агарда ҳокимликнинг бизга пулларимизни тўлаб бериш истаги бўлмаса, суднинг қароридан норози бўлиб юқорига мурожаат қилсин. Биз ҳам шунга қараб йўл тутамиз», – дейди 2018 йил 2 қаватли дўкони бузилган тадбиркор Шавкат Сапаев.

Яна бир тадбиркор биз билан суҳбатда Қашқадарёда тадбиркорлар муаммоси билан раҳбарлар тизимли шуғулланиш ўрнига, уларни оввора қилишини айтди.

Аббос Эшназаров

«Ёш тадбиркорман. 2016 йилда 2 қаватли биномиз бузиб ташланди. Шундан сўнг, тадбиркорлигим тўхтаб қолди. Яқинда суд бизнинг фойдамизга қарор чиқаргандан сўнг, конпенсация пуллари тўлаб берилса, тадбиркорлигимни яна ривожланиш истагида тургандим. Аммо бизда ижро тизимининг ўзи суднинг қарорларини бажаришдан бўйин товлаётганини кўриб, фикрим ўзгарди.
Президент тадбиркорларга имконият яратиб бермоқда. Аммо Қашқадарёга бундай ёрдам ҳалича етиб келгани йўқ» ,- дейди ёш тадбиркор Аббос Эшназаров.

Биз тадбиркорларнинг юқоридаги мурожаатлари юзасидан дастлаб Қарши шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматига боғландик.

«Булар олдин ижтимоий тармоқда ҳам чиққанди. Суриштирганимда улар билан вилоят ҳокими ўринбосари Нодир Эркаев учрашганини, ўзи шуғулланаётганини айтишганди» , – дея жавоб қайтарди ҳокимлик ахборот хизмати раҳбари Умид Жабборов.

Шундан сўнг, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизматига ҳам бир қатор саволлар билан боғландик.

«Компенсация пуллари маҳаллий бюджет маблағлари ёки давлат мулклари, ер майдонларининг аукцион орқали сотилганидан тушган маблағнинг маълум қисмидан тўлаб берилади» ,- дейди ҳокимлик ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов.

Содиқовнинг қўшимча қилишича, тадбиркорларнинг мурожаати вилоят ҳокими томонидан ҳам назоратга олинган. Тез орада биринчи навбатда бу тадбиркорларга компенсация пуллари тўлаб бериш чоралари кўрилади.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here