3 нафар хотин-қизни фоҳишалик учун Туркияга сотиб юбормоқчи бўлган шаҳрисабзлик 2 нафар аёл қамалди

Шаҳрисабз шаҳрининг «Ғалаба» маҳалласида яшовчи 30 ёшли аёл Н.С. ва унинг ҳамроҳи 32 ёшли аёл Л.Ж моддий томондан қийналган ёш қизларни Туркияга сотиб юбормоқчи бўлган. Бу ҳақда «Nasafnews»га Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар суди раиси Лазиза Расулова хабар берди.

Суд раисининг маълум қилишича, бу икки аёл Туркия давлатида бўлган таниши билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктирган.
2021 йил апрель-май ойларида У.Ш. ва А.Г.ни Туркия давлати Урфа шаҳрига юборишга келишиб, уларни муайян доирадаги шахслар билан фоҳишалик билан шуғуллантириш ҳамда шаҳвоний мақсадларда ёллаб, «Самарқанд-Туркия» йўналишидаги самолётга жиноий шериги бошқа шахснинг ҳисобидан 4 млн 300 минг сўмга чипта сотиб олиб берган.

Бу икки аёл 3 нафар хотин-қизларни Туркия давлатидаги бошқа шахсларнинг олдига 2021 йил 12 июль куни соат 19:00 ларда Самарқанд халқаро аэропорти орқали юбораётган вақтда Қашқадарё вилояти ИИБ ходимлари томонидан ушланган.

Ушбу ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар асосида тергов ҳаракатлари олиб борилиб, С.Н. ва Л.Ж. ларга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 135-моддаси 2-қисмининг бир неча бандлари билан айблов эълон қилиниб, жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар судида кўриб чиқилиб, 2021 йил 22 ноябрь куни ҳукм эълон қилинди.

С.Н. ва Л.Ж.ларнинг айбларига қисман иқрорликлари, аёл киши эканликлари, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлиги, жабрланувчилар У.Ш. ва А.Г. ларнинг судланувчиларга нисбатан қонуний енгиллик бериш ҳақидаги илтимослари енгиллаштирувчи ҳолатлар ҳам инобатга олинди.

С.Н.га ортиқча қўйилган бандлар айбловдан чиқарилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 135-моддаси 2-қисмининг тегишли бандлари билан Жиноят кодекси 57-моддасини қўллаб, 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Л.Ж.га Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 135-моддаси 2-қисмининг тегишли банди билан Жиноят кодекси 57-моддасини қўллаб, 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Судланувчиларнинг суд ҳукмидан норози бўлиб ёзган шикоятлари Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясида 2022 йил 13 январь куни кўриб чиқилиб, суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here