Чироқчида COVID-19 поликлиникасида ишлаган тиббиёт ходимлари сарсон қилинмоқда (Видео)

486

Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Одил Шайманов вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Равшан Тўлаков ўқишда эканлиги учун COVID-19 поликлиникасида ишлаган шифокорларнинг қўшимча иш ҳақлари тўлаб берилишида муаммо бўлаётганини маълум қилди.

Видео:

Гап шундаки, «Nasafnews» мухбирига Чироқчи туманидан бир гуруҳ шифокорлар шикоят билан чиқди. Ҳолатни ўрганиш учун борган нашр мухбирига пешвоз чиққан туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари вазият юзасидан интервью беришни истамади ва шифокорларга қўшимча иш ҳақи ажратиш бевосита вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси аралашуви билан ҳал бўлишини айтди.

Шифокорларга меҳнати нега эътиборга олинмаяпти?

«Nasafnews»га шикоят билан чиққан 20 нафарга яқин тиббиёт ходимларининг айтишича, 2021 йилнинг ёз ойида COVID-19 поликлиникаси ташкил қилинган. Поликлиникада коронавирус касаллигига гумон қилинган ва бу касаллик аломатлари бор беморларга туну кун тиббий хизмат кўрсатилган. Аммо мана 3 ойга яқинлашяптики, ходимларнинг 6 фоизлик қўшимча иш ҳақлари берилмаяпти.

Тасдиқланган график

«50 йилдан буён юқумли касалликлар шифокори бўлиб ишлайман. Ўтган йилда Чироқчи туман тиббиёт бирлоашмасига қарашли туман марказий поликлиникасида COVID-19 гуруҳи тузилди. Биз шифокорлар кечаю-кундуз мана шу гуруҳда навбатчиликда туриб, беморларни қабул қилдик. 2020 йилда коронавирус билан хасталаниб мурожаат этган беморлар нисбатан кўп бўлди. Айниқса, ёз фаслида вирус кучайиб, касалланиш хавфи ниҳоятда ортди. Шунда ҳам шифокорлар, ҳамширалар, кичик тиббиёт ходимлари иш жойларини ташлаб кетишгани йўқ. Бизга ишдан ташқари навбатчилигимиз ва вирус юқтирганлар билан мулоқотда бўлиб ишлаганимиз учун иш ҳақимизга қўшимча равишда яна 6 фоиз ҳақ тўланиши белгиланган эди. Аммо, мана яқинда йил тугайди ҳамки берилган ваъда бажарилмаяпти. Шахсан ўзим ташкил қилинган “Мобиль биригада” да кечаю-кундуз тиним билмай ишладим. Касалликнинг енгил туриниям, ўрта оғир ва оғир турлариниям даволашга, зарурат туғилганда эса марказ Қарши шаҳри ва қўшни туманларга қатнашга ҳам тўғри келди. Бу пуллар Қашқадарё вилоят СЭОМ томонидан берилиши айтилган эди, аммо салкам икки йилдирки тўлаб берилгани йўқ. Берилиши айтилган ва ваъда берилган қўшимча иш ҳақларимизни тўлаб берилишини сўраймиз», – дейди шифокорлардан бири Нурмамат Бойқараев.

Нурмамат Бойқараев

«Чироқчи туман тиббиёт бирлашмасида 22 йилдан буён ҳамшира бўлиб ишлайман. 2020 йилда 4 ой давомида, 2021 йилда 2 ой давомида 20-22 киши бўлиб, юқорида айтилган гуруҳда ишладик. Касаллик авж олган пайтлари бизда 100 дан ортиқ беморлар мурождаат қилиб келишди. Шахсан ўзим шифокорлар билан уларни қабул қилганман. Керакли даво муолажаларини ҳам йўлга қўйганмиз. Лекин мана 2021 йил якунига етаяпти ҳамки, бизга ваъда қилинган қўшимча иш ҳақлари тўлаб берилгани йўқ. Талабимиз белгиланган пуллар тўлаб берилсин»,- дейди Муҳаббат Қодирова.

Муҳаббат Қодирова

Шифокорлардан бири Баҳодир Бердирайимовнинг айтишича, 6 фоизлик қўшимча иш ҳақлари шифокорларга 2 млн 500 минг сўм, ҳамшираларга 2 млн сўм, ўрта тиббиёт ходимларига 1 млн сўмдан белгиланган.

Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳисобчиси бу ҳолатни инкор этмади ва тез орада иш ҳақлари тўлаб берилишини маълум қилди.

Элёр Бегимов

«Махсус поликлиникада ишловчи ходимларни июль, август ойидаги иш ҳақлари кечикиш сабаблари бор. Биз бу поликлиникада ишлаган ходимларнинг барча ҳужжатлари ва иш ҳақларини ҳисоблаб вилоят СЭС га топширганмиз. Бу иш ҳақлари берилади. Фақат озроқ вақт талаб қилгани учун шу кунгача чўзилиб келмоқда», – дейди ҳисобчи Элёр Бегимов.


«Nasafnews» мухбири Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Одил Шаймановнинг важлари юзасидан Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Нуриддин Эгамов билан боғланди.
У ҳақиқатдан айни пайтда бошқарма бошлиғи Равшан Тулаков ўқишда эканини маълум қилди ва COVID-19 поликлиникаларида ишлаган ходимларга иш ҳақи тўлаш мураккаб жараён эканини айтиб ўтди.

«Махсус поликлиникага ишлаган шифокорларга қўшимча ҳақларини тўлаб бериш мураккаб жараён. Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ажратиларди. Жуда кеч тўлаб беришади ҳар доим. Вилоятда ҳам COVID-19 штаби бор. Шуни тўловлари ҳам мана тўлаймиз, ана тўлаймиз деб молияга ўтказиб ҳисоблаб берилган. Бу штабда ҳам ишлайдиганлар ҳам худди шундай 6 фоизлик ҳақлар олади. Улар ҳам ҳалигача иш ҳақини ололгани йўқ. Молияга ҳисоблаб берилган»,- дейди Нуриддин Эгамов.


Шу ўринда бир жиҳат эътиборимизни тортди. Вилоятда жорий йилнинг 8-14 ноябрь кунлари «Тиббиёт ходимларига юксак эътибор кўрсатайлик!» ҳафталиги бўлиб ўтар экан. Қолаверса юртимизда ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси «Тиббиёт ходимлари куни» этиб белгиланган.
Балки Қашқадарёдаги амалдорлар бу ҳафталикда ишлаб ҳақларини ололмаётган чироқчилик тиббиёт ходимларига ҳам бир эътибор қаратишар. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here