Тошкентда қашқадарёлик чемпион Камолиддин Расулов бошқа бир спортчи томонидан пичоқлаб ўлдирилди

3273

Тошкент шаҳрида қашқадарёлик жаҳон чемпиони 29 ёшли Камолиддин Расулов бошқа бир чемпион йигит томонидан пичоқлаб, ўлдирилди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Мазкур маълумотни тасдиқлаган Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов воқеа 2021 йилнинг 13 сентябрь куни соат 21:30 да Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида содир бўлганини маълум қилди.

«2021 йилнинг 13 сентябрь куни соат 21:30 да 30 ёшли фуқаро Ш.Т. таниши, ҳарбий хизматчи Камолиддин Расуловга қўнғироқ қилиб, ундан харид қилиб олган ‘Humo Trop’ витаминини тавсиясига кўра истеъмол қилгани натижасида соғлиғи ёмонлашганини, шифокорлар бу касалликнинг давоси йўқлигини билдирганини айтиб, уни Учтепа тумани, 14-мавзедаги уйи олдига чақирган. Улар кўришгач, ўзаро жанжаллашиб қолиб, Ш.Т. ёнида олиб чиққан ошхона пичоғи билан Камолиддин Расуловни турли соҳаларига бир неча маротаба уриб, қасддан ўлдирган», — дейди Ҳаёт Шамсутдинов.

Ҳаёт Шамсутдиновнинг қўшимча қилишича, Учтепа тумани прокуратураси томонидан Ш.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, у Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Марҳум Камолиддин Расулов Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида туғилган.

«Ҳозир марҳумни курашчи Шерали Жўраев уйига олиб кетаётган экан», — дейди «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган манба.

Қўшимча маълумот беришича, спортчининг ўлимига сабаб бўлган Ш.Т. ҳам миллий кураш ва дзюдо бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлиб, ўзбек миллий кураши бўйича биринчи жаҳон чемпиони — Тоштемир Муҳаммадиевнинг жияни бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қаршида чемпион йигит Элбек Раҳимов бир неча киши томонидан аёвсиз калтакланиб, пичоқлаб ўлдирилгани ҳақида хабар қилинганди.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here