Қаршида қурилган завод туфайли одамлар яшаб турган уйларини ташлаб кетишга ҳам рози. Улар бадбўй ҳиддан азият чекмоқда

673

Қашқадарёда собиқ ҳокимлардан бириники деб айтилаётган терини қайта ишлаш заводи атрофидаги шов-шувли муаммолар бугун халқ муҳокамасида “тренд”га чиқди. Изоҳлар-ку ўз йўлига, аммо бадбўй ҳиддан азият чекаётган жабрдийда халққа қандай ёрдам бериш ҳақида бош қотириш мана бу – энг асосийси.

Вилоят ҳокими, шаҳар ҳокими, Виртуал қабулхона, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси. Бу мурожаатлар манзили ва занжири. Аммо, юқоридаги ташкилотлардан тайинли сас-садо чиқмагач, аҳоли сўнгги умид сифатида ОАВга мурожаат йўллайди.

Бузилган экологиянинг носоз об-ҳавоси

Косон туманидан Қарши шаҳрига кириб келаверишда ёки аксинча шаҳардан йўналиши шу томон билан бошланадиган Косон, Муборак туманлари ва Бухоро вилоятига кетаверишда Қарши шаҳри, Шайхали шаҳарчаси, Косон йўли кўчасида жойлашган JV “Qarshi Leater” МЧЖ, Ўзбекистон-Россия-Хитой қўшма корхонасидан чиқаётган бадбўй ҳиддан кўнгли айнимаган одам бўлмаса керак. Агар пиёда бир неча километр шу атрофдан юриб ўтсангиз, сассиқ ҳиддан нафас олишга қийналиб юрасиз. Биз-ку, бир неча дақиқа ёки сонияда бу ердан машинада ўтиб кетамиз, аммо шу ерда яшовчи халқни кўз олдингизга бир келтириб кўринг. Энг ачинарлиси эса, шаҳар ҳокимлиги томонидан кам таъминланган оилаларга 2 сотихлик уй-жой қуриш учун ажратилган ер ҳам шундоққина заводнинг орқа томони, аниқроғи, кимёвий чиқинди тўкиладиган зовурнинг ёнгинасидан ажратилганига нима дейсиз? Бу саволга шаҳар ҳокимлигининг “шаҳар инфратузилмасидан” жой қолмаганини важ қилишини аввалдан билганимиз учун “тайёр баҳона”га индамай қўя қолдик.
“Ҳал қиламиз, фақат сизлар кўтарилманглар” дейишди. Бари бефойда. Ҳаммаси “ёпилиб” кетади.

Бу борада бизга шу ерлик аҳоли номидан бир гуруҳ аёллар мурожаат йўллашди.
Малоҳат Сатторова (мурожаатчи):
“Бу ерда яшаётганимизга 12 йил бўлди. Мана шу бадбўй ҳиднинг дастидан бир биз эмас, Узуннаво, Кўчкак, Пистакент, Косон, Қарши туманларининг айрим маҳаллалари, Тўқманғит, Бойтерак ва ҳоказо ва ҳоказо маҳаллалари аҳолиси ҳам безор. Ўзи шундоқ ҳам экология бузилган. На вилоят, на шаҳар ҳокими, на маҳалламиз раиси шунча мурожаатларга қарамай, “ҳолинг нима?” деб сўрагани йўқ. Терига ишлов бериш натижасида чиқаётган сассиқ ҳидга тоқат қилиб бўлмайди. Ишонсангиз, бадбўй ҳид уйимиздаги кийим-кечакларимизгача уриб қолган. Нафас олиб бўлмайди. Бировникига меҳмонга борсангиз уяласиз. Уйимизга биров келса узоқ ўтира олмайди. Болаларим ёш. Бу кетишда келажакда астма орттириб олмаса деб қўрқаман ”.



Нилуфар Шодмонова: (мурожаатчи):
“Икки нафар набирам бор. Иккаласи ҳам кеч бўлди дегунча шу ҳиднинг таъсиридан еган овқатини қайд қилиб қолади. Иккаласида ҳам аллергия бор. Тинимсиз кўзи ёшланади. Ўзим нафақахўрман. Айниқса, кечқурунлари шу ҳиддан қон босимим ошиб кетади. Тинимсиз даволанишга пул йўқ. (Коллектор) зовурдаги чиқинди сувдан кўнгли айнимаган одам йўқ. Катта қувур ўтган, Бешкент тарафга сув оқиб кетади дейишганди. Буям ёлғон. Ҳеч қанақа “труба” ўтмаган. Биз бир-икки марта тинимсиз ташкилотларга ариза билан чиқавергач, кундузи ишламай, фақат кечаси ишлайдиган бўлиб қолганди. Айниқса, ёз вақтлари уйларимизнинг ичига кириб қолади шу ҳид. Очиб қўйсак ҳам чиқиб кетмайди.”



Мадина Худоёрова (мурожаатчи): “Ўзим ҳамшираман. Шу ерда 10 йилдан буён яшайман. Қўшниларимнинг гапларида жон бор. Бизда энг кенг тарқалган касаллик бу – аллергия. Чунки асосан кечқурун заводдан чиқаётган заҳарли ҳид таъсирида кўпчилик қатори мен ҳам тумовми ёки оддий шамоллашми билиш учун мутахассисга учраганида ҳақиқатдан ҳам атмосфера таркибидаги олтингугурт моддаси туфайли аллергиям қўзғаганини билдим. Неча маротаба даволанаман. Фойдаси йўқ. Вақт ўтиб, дори таъсири кетгач, яна шу хуруж бошланади. Бизга неча маротаба “ҳал қиламиз, фақат сизлар кўтарилманглар” дейишди. Бари бефойда. Ҳаммаси “ёпилиб” кетади ”.


JV “Qarshi Leater” Экологиянинг кўрсатмасига “зор”ми?

Бадбўй ҳиддан безор халқ нима қиларди? Албатта биринчи навбатда Қашқадарё вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига мурожаат қилади-да. Хўш, бунга экология нима деб жавоб берди? Келинг, яхшиси бошқарманинг жавоб хатидан баъзи сатрларни хукмингизга ҳавола қилсак.

“Ўрганиш давомида, JV “Qarshi Leater” ҚК, МЧЖдан чиқаётган оқова сувдан ҳамда маҳалладаги хонадонлар атрофидан “Эколаб” газоанализатор асбоби ёрдамида намуналар олиниб, кимёвий таҳлил ишлари олиб борилди. Таҳлил натижасига кўра, Атмосфера ҳавоси таркибида олтингугурт ангидриди, оқова сув таркибида эса бир неча ифлослантирувчи моддалар борлиги белгиланган рухсат этилган меъёр концентрация миқдори (ПДК) дан юқори эканлиги аниқланди. Ушбу ўрганиш натижасига асосан “Qarshi Leater” ҚК МЧЖ бошлиғи номига кўрсатманома берилди”.

Бундан аввал мазкур муаммо билан бир неча бор Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ишон телефони”га, вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва бир қатор бошқа юқори ташкилотларга мурожаат йўллаган Малоҳат Сатторова корхонадан қуйидагича жавоб олади:

“Ҳозирда корхонамиз томонидан ёмон ҳид чиқариши ва ён атрофдаги аҳоли ўртасида эътирозлар чиқишига сабаб бўлмаслиги учун мазкур камчиликларни бартараф этиш мақсадида корхонамизга энг яқин шаҳар канализация тармоғига 10 километр қувур тортиб уланиш чораси кўрилмоқда.
… қайта ишланган саноат чиқиндисини доимий равишда шаҳар канализация тармоғига оқизишга рухсат олиш учун тегишли ташкилотларга мурожаат қилинди”.

Хўш, айтилган 10 километрли қувур қачон тортилади? 15-июл 2020 йилда берилган жавоб хатига қараб, таҳлил натижаларига кўра, саноат чиқиндиларнинг меъёридан ортиқлиги исботланган (бу ҳаёт учун хавфли) бўлса-да, доимий равишда канализация тармоғига оқизишга рухсат берувчи ташкилотларнинг “рухсат”ини кутиб ўтиришган эмиш. Хўш, улар рухсат беришармикин? Менимча, аллақачон рухсат бериб бўлинган. Чунки, ўша бадбўй ҳид атрофга тарқалишда давом этаяпти. Кундузими, кечасими нима фарқи бор? Шу ҳудудларда одам яшайди-ку. Янаям сувнинг, ҳавонинг зарарли моддалар билан ифлосланиши исботланса-да, юқорида саналган маҳаллаларда яшовчи қанчадан-қанча одамларнинг саломатлигига путур етса етаверсин. Муҳими, ишлаб чиқариш тўхтаб қолмасин. Қолгани бир гап бўлар. Хуллас, қўшма корхонанинг бепарволарча берган жавобидан шунақа хулосага келади киши.

Шу ўринда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси лаборатория бўлими бошлиғи Жасур Дамаев масала юзасидан қуйидагиларни маълум қилди: “Аввало, бизнинг ташкилотимиз аҳоли саломатлиги учун жавобгар эмас. Бунинг учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “СЭС” хулоса беради. Бизнинг вазифамиз атмосфера таркиби ва атроф-муҳитга чиқаётган зарарли моддаларни аниқлашдан иборат.
Бундан ташқари, биз завод ҳудудига тўғридан-тўғри текшириш олиб бориш учун кириб бора олмаймиз. Бунинг учун Омбудманнинг рухсати керак. Лекин шунга қарамай, аҳолидан тушган кетма-кет мурожаатга биноан олиб борилган текширув натижасида шу маълум бўлдики, ҳақиқатдан ҳам мазкур заводдан чиқаётган кимёвий чиқиндилар таъсирида об-ҳавода катта миқдорда белгиланган меъёрдан ортиқ зарарли моддалар бор. Бунинг натижасида инсон ҳам, тирик ўсимлик дунёси ҳам кислород билан тўлиқ нафас ололмайди. Турли касалликларнинг келиб чиқишига ҳам сабаб бўлади. Ўтган йилда қўшма корхона мазкур ҳолат бўйича 350.000000 (Уч юз эллик миллион) сўмлик жаримага ҳам тортилди”
.


Кўзбўямачилик ҳам эви билан-да, амал қилинмайдиган “кўрсатманома” ни “ёпиш учун” корхона қанча жаримага тортилди?

Майли, шу корхона жаримага ҳам тортилгандир. Ўша жаримани тўлаб ҳам бергандир. Гарчанд бунақа катта корхона учун бу каби жарималар арзимас саналса-да аммо, аҳолининг мурожаат қилишидан мақсади бу эмас-ку. Ахир маҳаллий аҳоли давлат бюджетига тўланган жаримадан ўзи учун тоза ҳаво сотиб ололмайди-ку. Ёки белгиланган жарима маънавий зарар сифатида аҳолига бўлиб берилмайди-ку. Ҳеч қурса, шу корхонанинг бадбўй ҳид чиқаришини, сувга зарарли моддалар оқизишини тўхтатиб бермайди-ку. Исталган хорижий давлат қонунчилигида бу каби ҳолатлар кичик жарима жазолари билан қутулиб қолмайди. Балки, ишлаб чиқариш зарурати инсон омилидан, унинг ҳаёти ва саломатлигидан устун қўйилмайди. Наҳотки, ҳамма соҳада “чет эл тажрибаси”, “чет эл намунаси”дан ўрнак олишга чақирган ишбилармон вакиллар бу нарсада оқсаса? Ёки бу масала улар учун “ўгай”ми? Долзарблилигини инобатга олганда фақат моддий жарима билан қутулиб қолиш адолатданмикин? Умуман, биргина “кўрсатманомани ёпиш учун” корхона қанчага тушган экан, а?

“Корхонадан ҳеч қанақа бадбўй ҳид чиқмайди”

Мавзу юзасидан JV “Qarshi Leater” қўшма корхонаси раҳбариятидан изоҳ олиш учун борганимизда кутилганидек, корхона раҳбари ёки ўринбосари эмас, балки ўзини иш юритувчи деб таништирган Акмал Қултоев билан суҳбатлашишга тўғри келди. Яна қизиқ жиҳати, ҳали остона ҳатлаб кирмаган корхонамизга завод ишчиларининг киришга рухсат бермаслигидан бу ерда Амир Олимхоннинг хазинаси қўриқланса керак, деган гумонга ҳам боради киши.

Бошқарувчи эса интерьвю бера олмаслигини, “генералный” директори айни дамда пойтахтда эканлигини, завод ҳозирда ишламаётганлигини, мурожаат қилган фуқароларнинг нохолислигини ва қайсидир жиҳатдан ҳақлигини ҳам билдириб ўтди. Бундан ташқари, корхонадан аҳоли айганидек бадбўй ҳид тарқалмаслигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.

«Агар видеодаги аёллар айтиб ўтган касалликлар заводдаги ишлаб чиқариш билан боғлиқлигини тегишли ташкилотлар исботлаб берсин, марҳамат биз жавоб беришга тайёрмиз»,-дейди иш бошқарувчи.

Биргина шу сўзларнинг ўзи ҳам заводда бу масала ечими учун ҳатто “бош” қотириб кўрилмаганини кўрсатади. Бундан ташқари, вазиятни тўлиқ англамай-билмай туриб, завод ҳудудидан ёшгина бир ўспирин йигитчанинг қўл телефонига бизни тасвирга тушириши юқоридаги шубҳаларнинг қанчалар “жон”ли эканлигига ишора қилади.

Ишини номига муносиблашга уринаётган сиёсий партиялар

Мақолани танқидий руҳда таҳлиллаш жараёнида эътибор қаратганим бир жиҳат бўлди. Юртимизда катта сиёсий жараёнга старт берилди. Ва бу турган гапки, ҳеч бир партия эътиборидан четда қоладиган ҳодиса эмас. Шу ўринда мазкур ҳудуддан вилоят, шаҳар, Олий мажлис депутатлигига ўз номзодини қўйган ва сайловда шу ерлик халқнинг соф овози, аниқроғи билдирган “ишонч”и билан ғолиб бўлган депутатлардан бирортаси мазкур масала билан қизиқдими ёки йўқми бизга қоронғу. Аммо, ижтимоий тармоқларда овоза бўлгач, наҳотки бирорта депутат ташриф буюрмаган бўлса?

Хуллас, “Халқ демократик партияси” – мавзуда халқ дарди кўтарилаяпти. Ахир, сизлар халқ номидан гапирасиз-ку.

“Адолат социал демократик партияси” – балки адолатни тиклашга ҳисса қўшарсизлар?

“ЎзЛиДеп” – қисқагина номи ўқиб, гап қайси партия ҳақида кетаётганини билган бўлсангиз керак. Агар тадбиркор тўғри йўлда бўлса, қани уни ҳимояланг. Ёки очиқчасига ҳаракатларидаги хатони айтинг.

“Ўзбекистон экологик партияси” – ва ниҳоят жонланибсизлар! Бу ёғига ўз позициянгизда қаттиқ туринг. Ёки одамлар, ёки завод. Масалага ҳар қандай ҳолда ҳам ижобий ечим зарур. Бу ёғи кўпроқ сизнинг ҳаракатингизга ҳам боғлиқ.

“Миллий тикланиш демократик партияси”- масалага алоқамиз йўқ деб четда томошабин бўлиб турманг. Балки айнан сиз ўз ташаббусингиз билан вазиятни яхши томонга ўзгартира оларсиз.


Хуллас, демоқчи бўлганимиз, очиқлик-ошкоралик ҳар доим ҳам қўллаб-қувватланмаган. Аммо, ОАВ ходимлари ҳар доим ҳар қандай масалага жиддий ва масъулият билан ёндошишади. Биз юқоридаги фикрларимиз орқали тадбиркорлик субъектини қораламоқчи эмасмиз. Агар тадбиркор (қўшма корхона) давлатга инсон ҳаётидан-да, унинг саломатлигидан-да муҳим нарсани ишлаб чиқараётганлигини исботлай олса, демак, қандини урсин. Омадини берсин! Бундан фақат хурсанд бўламиз. Аммо…
Биз учун мана шу аммо… деган сўзга ҳожат қолмаса бўлгани.

Муқаддас Исмоилова

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here