Китобда ўқитувчи пичоқланди (Видео)

2710

«Nasafnews» мухбирига ўзини Гавҳар Аққўзиева деб таништирган аёл жорий йилнинг 21 май куни пичоқланганини, ИИБ нозирлари ушбу ҳолатга эътибор қаратмаётгани ҳақида мурожаат қилди.

Видео:

«21 май куни кечги соат 17:00лар атрофида ўзим ишлайдиган 74-мактабдан уйга қайтаётган эдим. Мактабнинг орқа дарвозасидан чиқишим билан шу қишлоқда яшовчи А.О. ташланди. Эски телевизорларнинг қора оёғи билан ургани учун йиқилдим. Йиқилганимда иккала оёғимга пичоқ урди. Уни ҳам дастаси қора эди. Ўша ерда жойлашган дўкон эгаси ёрдам бермади, кўчанинг бошида жойлашган салонда ишлайдиган келин қутқарди. Унгача зўравон иккала қўлимни ва оёқларимни момоталоқ қилди. Салончи қиз тез ёрдамга қўнғироқ қилганига А.О. қочиб кетди. Кўп қон йўқотдим, 10 кун шифохонада ётдим. Юриш ва ўтиришда қийналмоқдаман», – дейди Гавҳар Аққўзиева.

«Ушбу ҳолатдан хабардорман. Ҳужжатларни йиғиб, гувоҳлар билан суҳбатлашиб, туман ИИБ тергов бўлимига топширганман. Раҳбарларнинг рухсатисиз қўшимча маълумот беролмайман. Фақат шуни айтишим мумкинки, гувоҳлар А.О исмли гумондорнинг қўлида пичоқни кўрмаган», – дейди Зарафшон МФЙ профилактика инспектори Жонибек Хидиров.

Китоб туман шошилинч тиббий ёрдам бўлими травматолог врачи Ж.Меликов бемор 21 май куни кўп қон йўқотган ҳолда келганини ва ўткир тиғли жисм билан жароҳатланганини тасдиқлади. Бироқ шифокор ҳам интервью беришни истамади.

Ҳолат юзасидан мухбир гумондорнинг уйига борганида ҳеч кимни тополмаган. Қўшнисининг қизи Самарқанд вилоятига ишга кетганини айтгани учун видеосуҳбат қилишни имкони бўлмади. Бироқ мобил қурилма орқали гаплашилганида қўшниси алдагани маълум бўлди:

«Самарқандда эмасман. Нотўғри маълумот берибди. Жанжалга сабаб мурожаатчи 2019 йилда уй қурган жойим учун судма-суд овора қиляпти. Оворагарчилик учун ўша куни жанжалашдик, жаҳл устида шундай урдим. Пичоқ урмадим. Овора қилишни тўхтатмаса, бундан баттар ҳам бўлиши мумкин», – дейди А.О.

У суҳбат давомида қийналиб яшашини ҳам иддао қилди.

Ушбу жиноятни тергов қилаётган Китоб туман терговчиси Отабек Жалилов жиноий иш бўйича маълумот беришни истамади. Жабрланувчи Гавҳар Оққўзиева терговчидан ушбу ҳолатда Жиноят кодексининг 109-моддаси бўйича иш кўрилаётганини билиб берди.

Қизиқ-а? Мурожаатчини тинглаш учун борганимизда жароҳат ўрни ачинарли, бемор кўп ўтиролмаслиги, умуман юролмаётганидан шикоят қилди. Бундай ҳолатларда аслида ЖКнинг 105-моддаси, яъни жисмоний ҳолатнинг камида 21 кун, аммо тўрт ойдан кўп бўлмаган даврда ёмонлашувига олиб келган жиноий ҳолат дея тергов иш қўзғаши керак эмасми?

Мақола сўнгида шуни айтишимиз керакки, ҳеч бир важ инсон ҳаётига таҳдид қилишни оқлай олмайди. Ушбу жиноий ишни масъуллар атофлича ўрганиб, адолатли хулоса чиқаради, деган умиддамиз.

Ўролжон Камолов тайёрлади

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here