Қашқадарё вилояти Китоб туманида бахтсиз ҳодиса содир бўлди. Маст ҳайдовчи бошқарувидаги машинадан ўзини ташлаган қиз вафот этди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар суди раиси Лазиза Расулова хабар берди.
Маълум бўлишича, китоблик фуқаро З. Мирзаев маст ҳолда автомашинда бошқариб бораётиб, йўлда йўловчи сифатида қўл кўтарган қиз М.Қ.ни автомашинанинг орқа ўриндиғига ўтқазган.
Қиз ҳайдовчининг маст эканлигини билгач, Китоб шаҳри маркази яқинида тушиб қолмоқчи эканини айтади. Бироқ З. Мирзаев автомашинани тўхтатмайди. Маст ҳайдовчининг ғайритабиий хатти-ҳаракатларидан қўрқувга тушган қиз охир-оқибат автомашина салонидан ўзини ерга отишга мажбур бўлади.
Ҳайдовчи эса воқеа жойидан қочиб кетади.
Мазкур ҳодиса оқибатида жабрланувчи оғир тан жароҳати олиб вафот этган. Тезкор суриштирув давомида ҳайдовчида машинани бошқариш учун рухсатнома бўлмагани аниқланган.
Бу билан З. Мирзаев амалдаги Жиноят кодексининг 117-моддаси иккинчи қисми ва 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноий ҳаракатларни содир этган.
Шу боис суд ҳайьати судланувчи З. Мирзаевга нисбатан муайян муддатга озодликдан маҳрум этган ҳолда жабрланувчиларга етказилган 55 миллион сўмлик моддий ва маънавий зарарни ундириш жазосини тайинлади.
Мавзуга доир: Китобда «Нексия 3» катта тезликда келиб бобо ва набирани уриб кетди. Улар вафот этди