«Бутун қишлоқ йиғлади». Чироқчида жасади топилган 25 ёшли санъаткор йигитнинг яқинлари қотилликда ҳомиладор қизнинг отасини ҳам айбламоқда

5920
Зебинисо Норхўжаева

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 2021 йил 25 июнь куни мудҳиш жиноят содир бўлди. Туманнинг Лангар маҳалласи Тўлақул қишлоғида 1996 йилда туғилган, 25 ёшли Ж.Н. нинг жасади топилди. Шундан сўнг, тармоқларда турли хабарлар тарқалди. Айримлар йигитнинг қотили унинг собиқ севгилиси эканини айтмоқда. «Nasafnews» мухбири воқеа ҳақида кўпроқ маълумот олиш ва тарқалган миш-мишларга аниқлик киритиш мақсадида марҳумнинг яқинлари ва қишлоқ аҳли билан суҳбатлашди.

Воқеа жойи

«Воқеа қишлоқ аҳлига жуда ёмон таъсир қилди. Ёшлардан тортиб, бутун қишлоқ аҳли йиғлади. Ёш йигит эди. Ким ёрдам сўраса, ёрдам бериб кетаверарди. Биров билан жанжал қилганини, бировга ёмонлик қилганини кўрганим йўқ,- дейди фуқаролардан бири Илҳом Алиев.

Илҳом Алиев.

Қишлоқлик фуқароларнинг фикрига кўра, яқин атрофдаги тўй-тантаналар марҳумнинг иштирокисиз ўтмаган. У тўйларда қўшиқ айтиб, даромад топган.

«Болалигидан жуда яхши танийман. Жуда меҳнаткаш эди. Қишлоқдаги тўйларда қўшиқ айтарди. Биров билан сўкиниб, жанжал қилганини эслолмайман»,- дейди марҳумнинг яна бир ҳамқишлоғи Абдухолиқ Қурбонов.

Абдухолиқ Қурбонов.

Маълум бўлишича, қишлоқда марҳумнинг жасади топилгандан кейин 30 нафарга яқин фуқаро гумондор сифатида олиб кетилган. Прокуратура ва Ички ишлар гумондорларга қўпол муносабатда бўлган. Бу маълумотни «Nasafnews»га марҳумнинг яқинларидан бири тасдиқлади.

Шодиёр Норхўжаев

«Шу куни қишлоқдан гумондорларни прокуратурага олиб кетишди. Улар ичида мен ҳам бор эдим,- дейди сўроқ қилинган фуқаролардан бири Шодиёр Норхўжаев. – Жасад топилган жой менинг ҳовлимга жуда яқин экан. Шунинг учун мендан гумон қилишибди. У ерга боргандан кейин «менинг амакимни ўғли, мен ўлдиришим мумкин эмас, агар мободо ўлдириб қўйган бўлсам ўзим хабар бераман ички ишларга» деб айтдим. Шунга ҳам кўнмай, мени анча қийнашди. Қаршидан келган прокурор мени урди. Турли ҳақоратли сўзларни айтди. Хотининг бузуқ деди».

Шодиёр Норхўжаевнинг қўшимча қилишича, унга босим ўтказган терговчи ўзини таништирмаган. Шунингдек, у тергов жараёнида қўпол муносабат бўлишганини исботлаб беришини ҳам қўшимча қилди.

Марҳумнинг ота-онаси берган маълумотга кўра, айни пайтда гумондор сифатида 23 ёшли келинчак ҳибсда сақланмоқда. Келинчакнинг ота уйи марҳум яшаган хонадонга жуда яқин. Воқеа ҳам шу хонадонда содир бўлган бўлиши мумкин. Аммо вафот этган йигитни келинчак эмас, унинг отаси ўлдирганини иддао қилмоқда марҳумнинг яқинлари.

Зебинисо Норхўжаева

«Ўғлим кечқурун уйга келмади. Кетишидан аввал ўртоғларимникига бораман деб айтганди. Кутавериб, кутавериб безовта бўлиб чиқдим. Эрталаб тонгда қўшнимиз қизалоғининг овози эшитилди. У мени бақириб чақираётган экан. Қизча «Жалолиддин акамнинг қўллари қон, ерда ётибди» деди. Ит тишлаб ташлаган бўлсая, деб чопиб бордим. Болам ерга қонга беланиб ётган экан. Ҳамма жойи кўкариб кетибди, музлаб қолибди деб ўқалай бошладим. Атрофдагилар тегинма, экспертиза келиши керак деб мени жасаддан ажратиб олишди»,- дейди марҳумнинг онаси.

«Мени болам уйига борибди. Айбдор деяпти мени боламни. Лекин боламнинг ўзи бостириб бормаган. Келинчак уни алдаб чақирган. Боласи тушиш хавфи бор келинчак қандай қилиб мени боламга пичоқ ура олади? Пичоқ қовурғани тешиб ўтиб, юракни кесиб ўтаяпти. Шундай қилиб пичоғ уриши мумкинми ҳомиладор хотин? У бола ташлаб қўймайдими? Бу қотилликда фақатгина у хотинни эмас, унинг отаси ва акасинининг ҳам қўли бор», – дея қўшимча қилади марҳумнинг онаси Зебинисо Норхўжаева.

Вафот этган йигит отасининг айтишича, воқеа содир бўлган кун гумондор сифатида қамоққа олинган келинчак ярим тунда бақирган. Буни ён атродаги қўшнилардан бири эшитган. Унга келинчакнинг «Жалолиддин акамни ўлдириб қўйдингизку» деган чинқириғи эшитилган.

Юсуф Норхўжаев

«Шу куни қўшниларимиздан бири уйдан овоз эшитганини айтди. Аммо у терговдан қўрқаяптими ёки бошқа сабаб ҳозир кўрсатма бермаяпти. Шахсан мен мана шу бутун қишлоқ аҳли ҳам билади. У келин менинг ўғлимга пичоқ уриб, ўлдиришга қодир эмас. Ўғлимни бир ўзи ўлдира олмайди»,- дея гапирди марҳумнинг отаси Юсуф Норхўжаев.

Вафот этган йигитнинг укаси гумондор сифатида қаралаётган ҳомилодор аёлнинг отаси аввал ҳам жиноят содир этганини айтмоқда.

Аловиддин Абдурасулов

«2018 йил Наврўз байрамида қариндошимизни пичоқ тиқиб, жиддий жароҳатлади. Яхшиям, жароҳат жуда жиддий эмас экан, яшаб қолди. Бу жинояти ортидан қамалиб, неча йилгадир «кесилаётган» вақтда пул билан ёпиб келди. Ҳозир бу жараёнда ҳам шундай. Терговда таниш-билиш бўлиб, ҳамма айб энди ўлиб кетган одамни бўйнига қоляпти. Акамни ҳеч қачон бировларни расмини тарқатаман деб қўрқитадиган пасткашлик қилишига ишонмайман. Айрим фуқароларнинг бу миш-мишлари ёлғон» ,- дея фикр билдирди марҳумнинг укаси Аловиддин Абдурасулов.

«Шу куни Ички ишлар ва прокуратурадан гуруҳ тузилиб, воқеа жойи кўрилди. Жасад экспертизага олиб кетилди. Марҳумнинг кечки 18:00 лар атрофида жанозаси ўқилиб, Тўлақул қабристонига дафн этилди. Ҳозирда воқеа юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган»,- дея маълумот берди маҳалла раиси Усмон Абдураҳмонов.

Усмон Абдураҳмонов

«Nasafnews» мазкур воқеа юзасидан видеолавҳа ҳам тайёрлаган. Лавҳада содир бўлган қотиллик ҳақида кўпроқ маълумот берилган.

1 izoh

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here