«Сен холис ёритмайсан». Яккабоғ ҳокимининг матбуот котиби блогернинг телефонини тортиб олди (Видео)

1067

Яккабоғ туманидаги янгиликларни ёритиб борувчи блогерлардан бири Элмурод Одил туман ҳокимининг матбуот котиби томонидан тўсқинликка учради. Бу ҳақда «Nasafnews»га видео юборган блогернинг айтишича, воқеа 25 июнь куни содир бўлган.

Видео:

Видеога кўра, ҳокимнинг матбуот котиби Ш.Ҳасанов «Сен холис ёритмайсан»,  деб блогернинг қўлидан телефонни тортиб олишга ҳаракат қилган. Блогерга қўпол муносабатда бўлган.

«Туман ҳокими матбуот котиби ўша куни телефонимни тортиб олиб, ҳокимлик биносига кириб кетди. Ортидан борганимда бошқа ходимлар йўлимни тўсиб, ичкарига киритишмади, – дейди блогер Элмурод Одил. – Бир неча дақиқалардан сўнг, миллий гвардия ходими телефонимни олиб келиб берди. Бир нечта видеоларни телефонимнинг флешкартасини суғуриб олиб, ўчирган экан. Бугун қайта тиклатдим. Ўша куннинг ўзида туман матбуот котиби кечроқ ярашиб олишни таклиф қилганди. Лекин бугунгача бошқа қўнғироқ қилгани йўқ»

Ҳолат юзасидан Қашқадарё вилоят ҳокимининг матбуот котиби ўз телеграм каналида муносабат эълон қилди. Муносабатда блогерлар ҳокимликка телефон олиб кириши мумкин эмаслиги ҳақида ёзилади.

«Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари томонидан ёзилган тушунтириш хатидан маълум бўлишича, ҳокимлик ҳудудига киришда телефон аппаратларини қолдириб кириш йўриқномалари тўғри тушунтирилмасдан, олдин бир-бири ўртасида содир бўлган турли келишмовчиликлар сабаб қизишиб кетганини тан олди. Бироқ, ҳеч қандай сабаб давлат хизматчисига ўз хизмат вазифасини виждонан, юксак касбий даражада бажармаслигига ҳамда мулоқот чоғида умумэътироф этилган ахлоқ қоидаларига зид бўлган сўзлардан фойдаланишга асос бўла олмаслиги қайд этилади ҳамда ҳокимлик масъулининг ушбу ҳатти-ҳаракати кескин қораланади.  Ўрганиш якунларига кўра, Ш.Ҳасановга туман ҳокимлиги ички тартибда чора қўллаши, юқоридаги ҳолат такрорланмаслиги учун тушунтириш ишлари олиб бориши мақсадга мувофиқ деб топилди. Шунингдек, блогер Одил Элмурод билан телефон орқали боғланиб, масъул ходим йўл қўйган ҳолат ва йўриқнома тартиблари ҳам тушунтириб ўтилди», – деб ёзяпти Зойир Мирзаевнинг матбуот котиби.

«Nasafnews» мухбири блогернинг иш фаолиятига қаршилик қилган Яккабоғ тумани ҳокимининг матбуот котиби Шерзод Ҳасанов билан ҳам боғланди. Матбуот котиб блогерни нохолисликда айблади.

«У блогер холис ёндошмайдида, туширган нарсасини шу туриш қўйиб юборади,-  дейди котиб. – Ўша куни фақат мен унга қаршилик қилмадим. Ўзи ҳам қўпол муносабатда бўлди. Унга гапирганимда «Сенинг нима ишинг бор, сен кимсан» деб турли сўзларни айтиб кетди»

Блогер  Элмурод Одилнинг «Nasafnews»га қўшимча қилишича, бу унинг фаолиятига нисбатан биринчи тўсқинлик эмас. Аввалроқ  Яккабоғ тумани ҳокими ўзининг конституцион ҳуқуқларини талаб қилиб, блогерга қабул вақтида тасвирга тушурмаслик талабини қўйган. Бундай ҳолат Қашқадарё вилояти ҳокими иштирокидаги сайёр қабулларнинг бирида ҳам содир бўлган. У ўз телеграм каналида иш фаолиятига вилоят ҳокимининг матбуот котиби аралашгани ҳақида хабарлар эълон қилган.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here