Уйи «снос»га тушган аёл Қарши шаҳар ҳокимлигига қатор талабларни қўйди

948

Куни кеча сайтимизда  “Қаршида қўғирчоқ театри биноси қуриш учун уйсизлар яшаётган турар-жой бузилмоқда” номли мақола эълон қилинганди.

Мақолада  Қарши шаҳри Равоқ маҳалласида Ислом Каримов кўчасида жойлашган собиқ Қурилиш коллежининг турар-жойи бузилаётгани, 2 қаватли уйда 12 та хонадон истиқомат қилгани айтилганди ва 1 та хонадон эгаси билан шаҳар ҳокимлиги ҳали бери муросага келмагани ҳикоя қилинганди. Мақолага ҳокимлик ахборот хизмати муносабат билдириб чиқди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 16 февралдаги “2021-2022 йилларда Қарши шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 73-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Қарши шаҳри Равоқ маҳалласи Ислом Каримов кўчасидан Қўғирчоқ театри биносини лойиҳалаштириб қуриш белгиланган.

Шу мақсадда Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашининг 2021 йил 25 февралдаги 129/17-6-сонли “Қарши шаҳрида ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ва ҳудудларни ривожлантириш ҳамда архитектура қиёфасини яхшилашга қаратилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Қарши шаҳри Равоқ маҳалласи Ислом Каримов кўчасида жойлашган 13-сонли ётоқхона ҳудуди давлат ва жамоат эҳтиёжларида фойдаланиш учун шаҳар ҳокимлиги заҳира ер фондига олинган.

Бузилишга тушган Қарши шаҳар Равоқ маҳалласи Ислом Каримов кўчасидаги 13-уйда жойлашган 12 та хонадонга компенсация пуллари тўлаб берилиши белгиланган. 12 та хонадонга белгиланган компенсация миқдоридан келиб чиқиб, компенсация пуллари ҳамда қўшимча равишда уларнинг ҳар бирига Қарши шаҳар ҳудудидан 4-сотихдан ер участкалари ажратилган.

Бугунги кунда ажратилган компенсация пулларини ва ер участкасини олган 11 та хонадон эгалари Қарши шаҳар Равоқ маҳалласи Ислом Каримов кўчасидаги 13-уйдан ўз розиликлари билан чиқиб кетишган.

Ҳозиргача ушбу уйда яшаб келган Маҳаррам Раҳмоновага ҳам ҳамма қатори 1 кв.м учун белгиланган компенсация миқдоридан (3 034 263 сўм) келиб чиқиб, 3-хонали уйи (65,44 кв. метр) ўрнига 198 562 171 (бир юз тўқсон саккиз миллион беш юз олтмиш икки минг сўм бир юз етмиш бир) сўм миқдорида компенсация пули ва яна қўшимча 4-сотих ер участкаси ажратилган.

Бироқ ушбу келишув шартига рози бўлмасдан, ҳозирда уйдан чиқишни истамаётган Маҳаррам Раҳмонова турмушга чиқиб кетган қизи учун ҳам шаҳар ҳокимлигидан алоҳида 4-сотих ер участкаси ажратиб бериш талабини қўймоқда.

«Фуқаронинг ушбу талаби нечоғлик тўғри ёки нотўғри?! Бундан қандай хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола», – деб савол қўяди ҳокимлик.

Ҳокимлик ўз муносабатида турар-жой ўрнида қурилиши режалаштирилган қўғирчоқ театри биносига қанча маблағ ажратилиши ҳақида маълумот бермаган.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here