Чироқчида туман ҳокимининг ваъдаси бажарилмагани учун аҳоли поезд йўлини тўсиб қўйди

913

Чироқчи туманида 7 июнь куни қишлоқ аҳолиси тезюрар поезд йўлини тўсиб қўйди. «Ўзбекистон темир йўллари» ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат берди.

Хабарга кўра, тахминан эрталаб соат 09:00 дан 10:20 ларга қадар «Қарши минтақавий темир йўл узели» унитар корхонасига қарашли Айратом темир йўл бекати ҳудудида «Айратом» қишлоғи фуқаролари темир йўл устига йиғилганлиги акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Аҳолининг темир йўл бекатига йиғилишининг асосий сабаби қишлоқ аҳли туман ҳокими Хуррам Жўраевдан қишлоқда электр энергияси таъминоти қониқарсиз бўлгани учун қишлоқни электр энергияси билан таъминлаш, яъни қишлоққа келадиган электр энергиясини бошқа кучлироқ трансформаторга улашни сўраган.

7 июнь куни соат 9:00 ларда туман ҳокимининг қишлоққа ташрифи кутилган. Туман ҳокими белгиланган вақтда «Айратом» қишлоғига электр энергияси масаласини ҳал қилиш учун келмагани сабабли аҳоли темир йўл атрофига йиғилган.

Тошкент–Қарши йўналиши бўйича ҳаракатланувчи «Афросиёб» тезюрар поезди график бўйича ушбу бекатдан соат 10:48 да ўтиб кетиши белгиланган. Поезд келишидан тахминан 28 дақиқа олдин туман ҳокими Х.Жўраев ўзи келиб темир йўл атрофида йиғилган қишлоқ аҳолисини «Айратом» қишлоғи Маҳалла фуқаролар йиғинига олиб кетган ва уларнинг муаммолари атрофлича ўрганилган. «Афросиёб» тезюрар поезди график бўйича ушбу бекатдан соат 10:48 да ўтиб кетган ва ҳеч қандай зарар, талафот кўрилмаган.

Аввалроқ, Чироқчи тумани «Қумдарё» маҳалласи Оқтунли қишлоғида яшовчи айрим фуқаролар томонидан Хўжаобод қишлоғидан ўтувчи А-378 «Қарши – Самарқанд» автомобил йўлини тўсиб, автомашиналар ҳаракатланишига тўсқинлик қилиш ҳолати кузатилганди.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here