Соф, тежамкор асосийси “ўчмайдиган” электр энергия учун нима қилиш керак?

198

Энг аввало, ҳар бир нарсанинг каби электрнинг ҳам уволи ва қадри бўлади. Бундан ташқари, оддий қоида – ЭЛЕКТРНИ авайлаб ишлатиш ва кераксиз пайтда ўчириб ҳам қўйиш керак. (Ҳаётий қоида)

Тараққиёт сари олға!

Яқинда бир дўстим Норвегияда бўлганини ва у ердаги соҳалар тараққиёти ҳақида ҳайратланиб гапириб қолди. Унинг айтишича, хукумат ҳар бир тизим ривожи учун алоҳида дастур ишлаб чиққан ва бу дастурлар шунчаки “хўжакурсин”га эмас, айнан одамлар ва жамият фойдаси учун ишларкан. Шулардан бири бу электр энергетика таъминоти билан боғлиқ масала. Унинг сўзлари ростдан эътиборимни тортди.

Экологик тоза ва сифатли электр энергия бор экан, шуни биласизми?

… Мен Ослода бўлдим ва тўлиқ ишонч билан айтишим мумкинки, пойтахт кўчаларида ўрнатилган тунги ёритиш чироқлари ҳамда рангли безак ёритгичлари янги замонавий ва инновацион лойиҳа асосида ишлайди. Энг асосийси улар вақтида ёниб, вақтида ўчади. Бизникига ўхшаб кундуз кунлари ҳам эҳтиёж бўлмаса-да, ёқиқ қолиб кетавермайди. Бунинг устига Норвегия аллақачон қуёшдан энергия олиш тизимига ўтган. Бу эса мамлакат иқтисодига анча фойда келтиради.  Тадбиркормасманми, бунинг яна қандай афзалликлари борлиги билан қизиқдим. Ишонасизми, шоҳ кўчаларни ёритиб турган чироқлар ва умуман кўча ёритгичларининг барчаси нафақат энергия тежовчи балки, атроф-муҳитни турли токсинлардан, экологик бузилишлардан ҳимоя қилувчи махсус фильтрланган тизимга эга экан. Мана буни тараққиёт деса бўлади! Қани эди бизнинг Ўзбекистонда ҳам шунақа тизимлар жорий этилса?! Бу бир ҳисобдан мамлакат иқтисодига ҳам фойда, ҳам чекка-чекка ҳудудларга электр таъминотининг узлуксиз етиб боришига замин яратар эди.

Қуёш – табиий энергия манбаи

Мен бир деҳқонни биламан. Қуёш энергиясидан фойдаланиб, нафақат ўз уйини, балки иссиқхонасини ҳам ёритади, балки иситади. Ихтироси туфайли маҳалладошлари ҳам ундан рози. Оддийгина қуёш батареяси туфайли “парник”идан яхшигина даромад ҳам олади.

Йўқ, у батарея қиммат ёки электр энергиясида узилишлар кўп, деган баҳонани қилмайди. Ўзи оддийгина деҳқон, аммо ичи тўла мотивация, мияси тўла ғоя. Айнан электр энергиясидан унумли ва оқилона фойдаланишни ундан ўрганса бўлади.

Янги Ўзбекистонга янги ғоялар керак

Бу бир танишимнинг яқиндагина айтиб берган ҳикояси. Очиғи, унинг сўзларидан таъсирландим. Буни ўқиб: -“Эйй, ҳали биз у даражага етишимиз учун узоқ йиллар керак”-дерсиз. Балки ростдан шунақадир. Лекин нега энди биз шу узоқ йилларни келишини кутиб туришимиз керак. Муҳими, ғоялар, таклифлар шунчаки қолиб кетиши ачинарли ҳол. Мен айнан Норвегия намунасини қўллайлик демоқчи эмасман, бизда бугун АЭС, ГРЭСлардан ташқари қуёш батареясидан, шамол энергиясидан фойдаланиш анъанага айланиб бормоқда. Қамров тизими қанчалик юқори бўлиши билан бирга, таъминотдаги узилишлар сони ҳам шунчалик юқори. Бу тараққиёт эмас,  шунчаки шаҳдам илдамликка ярашмаган суст ҳаракат холос.

Ихтироларни сотманг, дўстлар!

Яқинда Қашқадарёлик бир ёшгина йигитча ўз ихтиросини Германиялик олимларга сотиб юборганини эшитдим. Ихтиро оддий, самарали ва шу билан бирга тежамкор электр энергия манбасини олиш эди. Энг асосийси эса табиий ва ортиқча сарф-харажат талаб этмайдиган бу усул – чорва молларининг тезаги орқали сувни қайнатишдан электр энергия манбаи олишдан иборат бўлиб, мақсадли сарфланиши кўзда тутилган молиявий кўмак ёки қўллаб-қувватлаш бўлмагани туфайли лойиҳа қўлдан кетди. Энг ачинарлиси, келгусида миллион, балки миллиардлаб даромад келтириши мумкин бўлган бу ихтиро арзимаган пулга баҳоланиб, чет элга “кузатиб” юборилди.

Афсус, ачинарли хол. Бу ташкил этилган ярмаркада эълон қилинган янги ва биз хабардор бўлган кашфиётлардан бири эди. (Ҳали бехабар қолган ёки юзага чиқмаган қанчадан-қанча лойиҳалар, ишланмалар, ихтиролар бор).

Нима қилиш керак дейсизми?

Эврика…

Кўпроқ ишлаш, тизим устида янгилик яратиш ва уни қўрқмасдан ҳаётга тадбиқ этиш лозим. “Индонезиянинг 2017 йилдаги гўзаллик маликаси” Ачинтья Нильсен ўқувчилик йилларида ёқилғи ўрнига оддий ўсимлик ёғи билан юрадиган автобуслар лойиҳаси устида бош қотирган экан. Бу хаёлот эмас. Ва ҳеч ким унинг ихтироси устидан кулмаган. Аксинча, бугун шунақа транспорт Балидаги машҳур “Яшил мактаб”га ўқувчиларни элтади.

Ҳеч бўлмаса, интилиши ва соҳага қизиқиши бор ёшларни қўллаб-қувватлаш зарур. Булар шунчаки гапда эмас, амалда қилинса балки биз Норвегияникидан ҳам тежамкор ва самарали электр энергия таъминотига эришармиз.

Биласизми, бугун ҳеч ким Ҳиндистонни қолоқ мамлакатлар сафига киритмайди. Тўғри, у ерда ҳозир ҳам иқтисодий муаммолар йўқ эмас. Аммо, электр энергия таъминоти ва соҳадаги ўзгаришлар ҳавас қилса арзирли. Масалан, яқин дўстим Ҳиндистонда бўлиб қайтди.

…Меҳмонхонада кутилмаганда чироқ ўчиб қолди, деб ҳикоя қилади у. Ҳамроҳим ҳам мен ҳам ҳинд тилини яхши биламиз. Тўғридан-тўғри телефондаги чақирув тугмаларидан бири орқали New Deli электр таъминоти корхонасига уландик. Аввало, бизга жуда хушмуомалик билан оператор жавоб қилди: “Хайрли кеч, Деҳли электр энергия таъминоти корхонаси эшитади. Уйингиз нурга тўлсин!” Мен меҳмон эканлигимни ва кутилмаганда чироқ ўчиб қолганини билдириб ўтдим. У эса тез орада муаммони ўрганиб, бартараф этилишини ва бизга етказилган ноқулайлик учун узр сўради.

Шундан сўнг, ўйлаб қолдим. Нега бизда шунақа эмас? Бизнинг Ҳиндистондан нима камимиз бор? Хўш, Норвегия намунаси учун балки “эртароқ”дир, аммо, оддийгина телефон қўнғироғига жавоб бериш ёки уни шунчаки кўтаришга эринадиган операторларимизга махсус дарс ўтиш керакмикин?

Шу оддий муомаладан кўнгилимиз тўлмайди-ю, таъминотдаги узилишлар, янгиликлар, ихтиролар ҳақида гапириш эриш туюлади, менимча. Бизда соатлаб, кунлаб, ҳатто ҳафталаб узилиб қоладиган электр учун жавобгарлик биргина тизим мутахассисларининг зиммасида, деб ўйламайман. Аввало, бизда ҳали-ҳамон “таъминотда ўғрилик кўп”. “Счётчик”лар қанча “блок”ланмасин, янгиланмасин барибир исрофгарчилик, бепарволик ҳали-ҳамон мавжуд.

Таклифим

Аввало, тизимни тубдан ислоҳ қилиш ва ҳудудларда таъсис этилган, аммо кўнгилдагидек ишламайдиган, “Call centr”лар фаолиятини кучайтириш керак. Керак бўлса, навбатчилик тизимини йўлга қўйиш лозим. Бундан ташқари, қаердадир содир бўлган “электроавария” учун кетган (бригада) жамоани иш вақтини белгилаб бериш шарт. Шахсан кузатганман, биргина мана шунақа ҳолат билан бутун бошли жамоа кун бўйи ёки банд бўлишади ёки атайлабдан ўчирилган тизимни соатлаб ишга туширмай ўтиришади. Бундан ташқари, энергия самарадорлиги учун аввало табиий электр заҳира манбаини ақл билан сарфлаш зарур.

Ишончим комил, биз энг аввало мана шу кичик ҳолатлардаги камчиликларимизни тўғирласак, тизим тартибли, самарали ва тежамкорона ишлай бошлайди. Шундан сўнг, “генератор”ларга ҳам эҳтиёж қолмайди.

Эшитилишидан балки бу кулгилидир, аммо оддийликдан уйғунлик сари йўл, деган экан Ганди. Шу оддий муаммоларни бартараф этиб, ўзимизда яратилган кашфиётларнинг қадрини чет элга сотмасдан ўзимизда қўлласак кифоя. Қолгани эса ўзимизнинг иқтисодчилигимиз, ақлу-фаросатимиз ва ватанпарварлигимизга боғлиқ.

Хулоса ўрнида…

Мотивация зарур. Усиз ҳозир иложи йўқ. Биз юқорида билдирилган таклифлар ечимига албатта эришамиз. Чунки буюк олимлар, алломалар ва яхшигина китобхон, янги ихтирочи, ажойиб математик ҳамда қизиқувчан муҳандислар орамизда бор. Демак, энергетика вазири Алишер Султоновнинг Президентимизга берган ваъдаларига мувофиқ, 2021 йилда электр манбаи узилиб қолган бирортаям хонадон қолмайди. Шундай экан, йиллар давомида катта бўлсам шу соҳа ривожи учун янгилик яратаман, деган йигитчанинг уйида қишин-ёзин чироқ ўчмайди. Ихтиролар учун қулай вазиятлар ҳам яратилади. Мана нима қилиш керак.

Ҳаммаси оддий усулдан бошланар экан. Бунга имкон бериш лозим холос.

Энергетика вазирлиги томонидан энергияни тежаш ва энергия самарадорлиги мавзусини энг яхши тарзда ёритиш бўйича “#saveenergy танлови учун Муқаддас Исмоилова тайёрлади.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here