Россиялик блогернинг танқидидан кейин Қарши яқиндаги улкан чиқинди уюмлари тозаланмоқда

424

Қарши шаҳрига кириб келиш чегараси яқинида Чироқчи туманига қарашли 17 гектардан зиёд майдон улкан чиқиндизорга айланган.

Россиядан келган блогер Костя Ткачёв видеолавҳада Қарши-Самарқанд йўлининг икки томонига целлофан пакетлар сочилгани, ундан бадбўй ҳид таралаётганини қайд этиб, масъул ташкилотларнинг бефарқ эканини айтиб, Қарши шаҳри яқинидаги чиқинди уюмларини тозалашга ҳаракат қилди.

Мавзуга доир: Россиядан келган блогер Қарши шаҳри яқинидаги чиқинди уюмларини тозалашга ҳаракат қилди

Видеода россиялик блогер бошқа ҳеч бир сайёҳ бу пакетларни кўришини истамаётганини айтган. Ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида Қашқадарё вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, вилоят “Тоза ҳудуд” Давлат унитар корхонаси, вилоят Ободонлаштириш бошқармаси ҳамда “Эко Транс” МЧЖ ҳамкорлигида ҳашар бошланди.

Ушбу ҳашардан кўзланган мақсад, сочилиб кетган чиқиндиларни териб олиш, уни қайта ишлаш, кўмиш ва зарарсизлантириш. 200 дан ортиқ хашарчилар томонидан целлофан пакетлар битталаб терилиб, махсус машиналарга ортилаяпти.

Йиғилган чиқиндиларни ташиш учун 10 та махсус техника ва бульдозер жалб этилган. Ҳашар хали давом этмоқда.

Қарши шаҳар назорат инспекцияси ходимлари томонидан ҳудудда назорат кучайтирилиб, ноқонуний чиқинди тўккан автомашина ҳайдовчиларига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилмоқда.

Мурожаатдаги ҳудуд “Эко Транс” МЧЖ га қарашли бўлиб, чиқиндилар вақтида кўмилмаганлиги учун масъул ходимга нисбатан  маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here