«Ўқитувчи ва ота-онанинг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилади». Касби тумани ҳокимлиги калтакланган ўқитувчи воқеасига муносабат билдирди

583

Касби тумани ҳокимлиги ахборот хизмати кеча «Nasafnews.uz» сайтида эълон қилинган «Қашқадарёда бу сафар ҳомиладор ўқитувчи калтакланганини айтмоқда» номли мақолага муносабат билдирди.

Аммо ҳокимлик ўқитувчининг ўзидан бўлган воқеа ҳақида изоҳ олмаган.

«Мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Л.Эргашева 26 апрель куни “2-“б” синфга инглиз тили фанидан дарсга киради. Дарс вақтида синфхонада болалар «шовқин» қилишади. Ўқитувчи назар солсаки, у болалар 2-синф ўқувчилари эмас, балки энди мактабга қатнаётган “нолевой”лар бўлади. Хонага “тиқиб” қўйилган, дея айтилаётган болани дарс бошланишида хонадан чиқариб юбормаган ўқитувчи Л.Э. дарс ўртасида дарс жараёнига халақит бераётганлиги учун «икки шапалоқ» уриб хонадан чиқариб юборади. Шу ўринда айтиш мумкинки, нега ўқитувчи хонага кириб келгач, бегона болаларни дарсда ўтиришига рухсат берди? Бу синф болаларини яхши танимаслигиданми ёки бегона болаларни синфхонага кириб ўтириши биринчи марта бўлмаганлиги туфайлими? “Нолевой” дея тилга олинаётган бола 50-мактабда бошланғич синф ўқитувчисининг фарзанди», – деб ёзмоқда ҳокимлик.

Бизга интервью берган ўқитувчи эса болани урмаганини, унга танбеҳ бериб дарсдан чиқариб юборганини айтмоқда.

Ҳокимлик ахборот хизмати хабарида шундай ёзилади:

«Ушбу ҳолат юзасидан “Чўлқувар” МФЙ профилактика инспектори томонидан дастлабки суриштирув ҳаракатларини олиб бормоқда. Ўқитувчи Л.Э.нинг тан жароҳати юзасидан судга оид тиббий экспертиза тайинланган.
Ўқитувчининг ва ота-онанинг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилади. Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан мактаб раҳбариятига ҳолат юзасидан хизмат текшируви тайинланиши мумкин».

Ҳокимлик ўзига тегишли бўлмаган масалага муносабат беришга «уста» экан, унда нега ўқитувчини ҳам тинглаб кўрмади? Ҳаммасига хира кўринган ва девор ортидан тасвирга яхши тушмай қолган видеога қараб баҳо бериб бўлмайди.

Биз бу билан ўқитувчининг тарафини олиш, уни оқлаш фикридан йироқмиз. Ҳокимлик ҳеч бўлмаса Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан ўрнак олиб, жабрланган ҳомиладор ўқитувчи аҳволи билан бир қизиқиб кўрса яхши бўларди.

«Nasafnews» воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here