Чироқчидаги боғча мудираси 6 минг доллар пора бериб ишга кирганини айтмоқда

4888

«Nasafnews»га бундан бироз олдинроқ Чироқчи туманида жойлашган 18-мактабгача таълим ташкилоти мудираси Замира Алмуродова мурожаат қилиб келганди. Мудира сайт мухбири билан суҳбатда ишга кириш учун Қашқадарё вилоят мактабгача таълим бошқармасига катта миқдорда пора берганини айтганди.

Видео:

«Суҳбат асосида, танловлар асосида Чироқчи туманидаги энг замонавий бoғчага кўп киши қатори ўзимни номзодимни бердим. Шундан кейин, раҳбарлик лавозимида вақтинча менга буйруқ чиқиб келди. 2019 йил 1 майдан ўз фаолиятимни бошладим. Шу вақт оралиғида май, июнь, июль, август, сентябрь ойларида бoғчамиз очилмади. Чунки қурилиш ишлари тўлиқ тугамаган эди. Менга Шаҳрисабз туманидан халқ таълими бўлимида ишлайдиган Х. Жалилова деган киши телефон қилиб, мактабгача таълим бошқармаси бошлиғининг таниши эканини, гаплашиб олиши кераклигини айтди. У суҳбат давомида менга буйруқ вақтинчалик чиқарилганини, ишга киришнинг харажатлари борлигини, агар бу харажатлар қилинмаса, ишдан бўшашим ҳақида ҳам огоҳлантирди»,- дейди Замира Алмуродова.

Мудиранинг айтишича, бу важлар билан ундан аввалига 4 минг доллар кейин эса 2 минг доллар пора талаб қилинган.

«Аввалига «йўқ, бунга имкониятим етишмайди. Чунки оддий педагог инсонман. Педагог оиласидан чиққанман. Турмуш ўртоғим ҳеч қаерда ишламайди. Оддий бир савдогар», деб айтдим. Шундан кейин, у жуда кўп телефон қилди. Мен унга «қандай қилиб бошқарма бошлиғи таниши эканингизни, уни одами эканингизни биламан» деганимда Шаҳрисабздаги Арабон бозорига  Асрор ака ва Х. Жалилова келиб мен билан учрашди. Кейин Х. Жалилова у кишининг одами эканига ишондим. Сўнг, қариндошлардан, опамдан 4 минг доллар йиғиб бердим. Шундан кейин, «яна 2 минг доллар олиб келганингиздан кейин, сизни асосий буйруғингизни ҳам чиқариб берамиз, сиз кейин беҳаловат ишлайверасиз, бўлмаса сизни текшир-текшир қилиб қўймайди», деди. Биз унинг яна катта ваъдаларига учиб, 2 минг долларни Х. Жалиловнинг Шаҳрисазбдаги уйига олиб бориб берганмиз», – деб қўшимча қилади у.

«Nasafnews» мухбири бу мурожаат юзасидан Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида ўтказилган вилоят Мактабгача таълим бошқармасининг матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Асрор Алимардоновга юзланди.
Алимардоновнинг айтишича, боғчада таниш-билишчилик авж олган. Мудира ҳамма қариндошлари ва яқинларини ишга олиб, таълим-тарбия жараёнига умуман эътибор қаратмаган.
«Боғчада ноқонуний ҳолатларни бошқарма ходимлари аниқлади. Ўша мудира атрофида, боғчани ўзида кўп қариндошларини йиғиб олган. Мудира қариндош уруғлари билан биргаликда борган ҳар қандай назорат ташкилотлари бўладими, депутатлар бўладими, бошқалар бўладими, шуларга нисбатан ушбу мактабгача таълим ташкилоти томонидан ҳар хил қўпол муносабатда бўлинган»,- дейди бошқарма бошлиғи.

Асрор Алимардонов коррупцион ҳолатларни кузатилмаганини ҳам айтиб, мудиранинг устидан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.

«Мактабгача таълим ташкилотида ҳозирда тергов ишлари кетяпти. Жиноий иш очилган. Мудира шунақа ҳолатлар бўлгандан кейин сайтга мурожаат қилиб, ҳолатни бўрттириб, йўқ нарсаларни айтишга мажбур бўлган.
Ҳолат бўйича фикр билдирадиган бўлсам, ҳақиқатдан ҳам мактабгача таълим ташкилоти фаолияти яхши юритилмаган. Ҳар хил қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган. Бу бўйича биз чора-тадбирлар кўрганмиз. Ҳозир Чироқчи туман прокуратураси бу бўйича иш олиб боряпти»,- дейди у.

Матбуот анжуманида мазкур мурожаат юзасидан Чироқчи тумани прокуратураси ва суд томонидан чиқарилган хулосага қараб, яна қўшимча маълумотлар берилиши айтилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон қонунчилигида пора олганлик ҳам пора берганлик учун ҳам жавобгарлик белгилаб қўйилган.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here