«Оғзини скотчлаб, пул бермаса ўлдириш билан қўрқитган». Қашқадарё ИИБ зўравонлар ҳақида маълумот берди

1631

2021 йилнинг 10 январь куни соат 21:15 ларда Қарши тумани «Кўчкак» маҳалласи Тинчлик кўчасидаги хонадонларнинг бирига 3 нафар номаълум шахслар бостириб кирган.

Маълум бўлишича, номаълум шахслар қўлларига қўлқоп, бошига қора рангли бош кийим кийиб, юзларига ниқоб таққан ҳолда М.П.нинг ҳовлисига девор орқали ошиб киришган. Уйда бўлган М.П. ва унинг қизи К.Ф.га «Россиядан келган пул қани?» деб, уларга ҳужум қилган ҳамда қаршилик кўрсатган К.Ф.нинг бош соҳаларига бир неча марта муштлаган.  Шунингдек, рўмол ва ўзлари билан олиб келган скотч билан қўл ва оёқларини боғлаб, оғзини скотчлаб, пул бермаса ўлдириб кетиш билан қўрқитган. Хона ичидаги сейфни очдириб, 3200 АҚШ доллар, 5 млн сўм пулини ҳамда 4 дона тилла тақинчоқларини олиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизматининг расмий муносабатида ёзилишича, дастлабки тергов ҳаракатлари давомида Қарши шаҳар Бўстон МФЙ Бўстон кўчасида яшовчи Х.А. мазкур жиноятни содир этганликда гумон қилиниб, гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган. У кўрсатмаларида мазкур жиноятни Қарши шаҳар Каманди МФЙ Маърифат кўчасида яшовчи Э.Х. ва Қарши шаҳар Бўстон МФЙ Тошқўрғонда яшовчи Б.Ш.лар билан биргаликда содир этганини маълум қилган. Шундан сўнг мазкур жиноят иши бўйича Э.Х. гувоҳ тариқасида сўроқ қилинганда, у мазкур жиноятни танишлари Х.А. ва Б.Ш.лар билан биргаликда содир этганини билдирган. Ш.Б. гувоҳ тариқасида сўроқ қилинганда у мазкур жиноятни Х.А. ва Х.Э.лар билан биргаликда содир этганини ўз кўрсатмасида тасдиқлаган.

Жиноят иши бўйича фуқаролар Э.Х, Х.А. ва Б.Ш.лардан ашёвий далиллар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олиниб, жабрланувчилар Ф.К. ва М.П.ларга видеотасвирга тушириш орқали таниб олиш учун кўрсатилганда, такдим қилинган тилла тақинчоқлар орасидан ўзларига тегишли бўлган тилла тақинчоқларни таниб олишган.

Ш.Б. ва Э.Х. Жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) 3-қисми «в» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинувчи тариқасида Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (Ушлаб туриш асослари)  тартибида ушланиб, Қарши тумани ИИБ ВСХга жойлаштирилган. Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here