Севгининг аянчли якуни: Косонлик йигит севган қизининг укаси томонидан пичоқланди

2313

Қашқадарё вилояти. 2021 йилнинг 30 январь куни соат 22:00 ларда 22 ёшли Жавоҳир Ю., маст ҳолатда севган қизи билан гаплашиб олмоқчи бўлади.

Косон тумани “Некўз” МФЙ Тайзан қишлоғига таниши Адҳам А. билан биргаликда келиб, севган қизининг яшаш хонадони ҳовлисига девордан ошиш йўли билан киради.

Жавоҳир Ю.,нинг севган қизининг укаси 20 ёшли Бунёд С., ҳовлисида одам шарпасини сезиб, ошхонадан рўзғор пичоғини олиб ҳовлига чиққан ҳамда уни кўриб қолган Адҳам А., ҳовлининг деворидан ошиб тушиб қочиб кетган, ҳовлининг бурчагида қолиб кетган Жавоҳир Ю., эса севган қизи билан гаплашиб олишини, совчиларига нима сабабдан рад жавобини берганликларини айтиб, Бунёд С., билан ўзаро оғзаки тортишиб қолишган ва натижада Бунёд С., қўлида бўлган ошхона пичоғи билан Жавоҳир Ю.,нинг қорин соҳасига уриб тан жароҳати етказган.

Натижада Бунёд С.,нинг оила аъзолари Жавоҳир Ю.,га биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, Қарши шаҳрида жойлашган Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам илмий марказининг вилоят филиалига тез тиббий ёрдам машинасида олиб боришган, кўрсатилган бирламчи тиббий ёрдамларга қарамасдан Жавоҳир Ю., олган оғир тан жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Косон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Бунёд С.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “Д” банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш, жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида, Бунёд С., айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

1 izoh

Javob qoldiring:

Please enter your comment!
Please enter your name here