Бош саҳифа » СПОРТ » Оғир кечган баҳсда "Насаф" "Навбаҳор"ни мағлуб қилиб, чемпионликни қўлга киритди

Оғир кечган баҳсда "Насаф" "Навбаҳор"ни мағлуб қилиб, чемпионликни қўлга киритди

30 окт 2022
696
СПОРТ / МАҲАЛЛИЙ

Бухоро шаҳрида жойлашган "Бухоро арена" ўйингоҳи футбол бўйича Ўзбекистон кубоги финалини ўзида қабул қилди. Суперлигадаги ашаддий рақиблар "Насаф" ҳамда "Навбаҳор" кубок финалида ҳам тўқнаш келишди.

Баҳснинг биринчи бўлими бошларида жамоалар ўйиннинг маҳобатини тушунган ҳолда эҳтиёткорона бошлади. Бўлим ўрталарида эса, ҳужумлар кетма-кетлиги бошланди. Ҳисобни эса "Насаф" очишга эришди. 29-дақиқада Акмал Мозговой тўпни дарвоза тўрига жойлаб қўйди. Голдан сўнг, қашқадарёликлар бироз қарши ҳужумга ўтиб ҳаракат қилиб, бўлимни ўз фойдаларига ҳал қила олдилар.

Иккинчи бўлим ҳам кутилгандек юқори "темп"да ўтди. Бабаяндан кўрсатмалар олиб қайтган наманганликлар ҳужумда яхши юришлар амалга оширишди. 58-дақиқада Дониёр Абдуманнопов жамоасини ҳисобда тенглаштирадиган гол муаллифига айланди. "Насаф"нинг ҳужумларида Ҳусайн Норчаевнинг йўқлиги билинди, кўплаб вазиятларда Матеус Лима Круз ҳужумда ёлғизланиб қолди. Голдан сўнг, Рўзиқул Бердиев ўйинни фаоллаштириш мақсадида, бир қанча ўзгаришлар амалга оширди. Бироқ, 90-дақиқада ғолиб номи аниқланмади.

Қўшимча бўлимлар ҳам жуда қизиқ ўтди. Жамоалар ўйинни пенальтилар сериясигача олиб бормасликка ҳаракат қилишди. Ўйиннинг 100-дақиқасида заҳирадан майдонга тушган Зафармурод Абдираҳматов ўнг қанотдан тўпни Лима Крузга узатиб берди. Бразилиялик футболчи эса ҳимоячиларнинг ҳаммасидан баланд сакраган ҳолда боши билан дарвозага аниқ зарба йўллаб, "Насаф"ни яна ҳисобда олдинга олиб чиқди. Ўйинда ҳисоб бошқа ўзгармади.

Шу тариқа, "Насаф" Бухорода мардонавор ўйин кўрсатиб, кетма-кет 2 марта Ўзбекистон кубоги соҳибига айланди. Бу ғалаба билан бутун воҳамиз аҳлини муборакбод этамиз.

Шерзод Туракулов.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: