Бош саҳифа » СПОРТ » "Насаф" сафарда "Қизилқум"ни мағлуб қилди

"Насаф" сафарда "Қизилқум"ни мағлуб қилди

19 окт 2022
1 103
СПОРТ / МАҲАЛЛИЙ

Бугун қизғин ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган миллий чемпионатимизнинг 22 тур учрашувлари давом эттирилди. Воҳа дербисида "Қизилқум" "Насаф"ни меҳмон қилди.

Баҳс давомида навоийликларга қараганда "Насаф" ўз уйида ўйнагандек эркин ҳаракат қилди ва тўп билан кўпроқ муомала қилди. Бироқ, биринчи бўлимда мезбонлар рақибларидан қолишмаган ҳолда бир қанча хавфли вазиятлар юзага келтиришди. Рўзиқул Бердиев бу баҳсни таркибда бир қанча ўзгаришлар билан бошлади. Ўтган ўйинда асосий таркибда тушган Матеус Лима Круз бу сафар заҳирада қолди, 19 ёшли Зафармурод Абдираҳматов эса асосийда ўйинни бошлади. Баҳснинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади.

Иккинчи бўлим ўта қизғин тарзда ўтди, эсда қоларли вазиятлар кўп бўлди. Дастлаб, ҳакамга нисбатан қўпол муносабатда бўлган "Қизилқум" футболчиси Бобур Йўлдошев 60-дақиқада майдондан четлатилди. Ҳисоб 60-дақиқада Дилшод Саитовнинг аниқ зарбасидан сўнг очилди.

Бироз вақт ўтиб, "Насаф" жарима майдони ичида Марко Станоевичнинг Олег Зотеев юзига қўли тегиб кетгандан сўнг, ҳакам VARни кўрди ва меҳмонлар дарвозаси томон пенальти белгилади. Пенальтини эса Дилшод Жўраев голга айлантирди. Бундан сўнг, ўн киши бўлиб қолган "Қизилқум" бор кучи билан эътиборини ҳимояга қаратди. "Насаф" эса бу йўқотилаётган очколарнинг қанчалик аҳамиятли эканини англаган ҳолда ҳужумга ўтаверди. 90+3 дақиқада заҳирадан майдонга тушган Матеус Лима Круз боши билан гол киритиб, жамоаси учун ғалабани тақдим этди.

Ушбу турдан сўнг, "Навбаҳор" ғалабани қўлга киритди ва иккинчи ўринга чиқди. "Пахтакор" ҳам ғалаба қозонди ва учинчи ўринда бормоқда. "Насаф" эса ажойиб ғалаба билан биринчи ўринда қоладиган бўлди.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: