Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Қаршида 3 та шоҳбекат қурилмай қолганига ҳокимлик айбдорми ё “сув кўрмай этик ечган” тадбиркорлар?

Қаршида 3 та шоҳбекат қурилмай қолганига ҳокимлик айбдорми ё “сув кўрмай этик ечган” тадбиркорлар?

17 июн 2022
1 880
ТАҲЛИЛИЙ / ТАНҚИДИЙ / МАҲАЛЛИЙ / ТАНЛОВ
Ҳеч эътибор берганмисиз? Қашқадарёда замон талабига жавоб берадиган, тўлақонли фаолият кўрсата оладиган автостанция умуман йўқ ҳисоби. Ҳозирча, албатта. Бўлганда ҳам нима фойдаси тегарди, дерсиз? Туманлар, вилоятлар ўртасида йўловчи ташувчи транспорт воситаларини тартибга солиш учун зарур. Дуч келган жойдан одам олиб қатнаган қайдаю, бинойидек автостанциядан йўловчи ташилгани қайда?!

Шундай автостанциялар бизда ҳам бўлиши мумкин эди? Аммо...


2020 йил 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарёга келган Президент Қарши шаҳрига кириш жойидаги 5 та нуқтада автошоҳбекат қуриш топшириғини берганди. Аввалига бу борада иш бошлангани ҳақида интернетда бир неча бор бонг урилди ҳам. Қурилажак автошоҳбекатлар лойиҳаси кўз-кўз қилинди. Яхши хабар кимга ёқмайди, дейсиз. Эшитган киши борки, хурсанд бўлди. 


Орадан бир ярим йилдан кўпроқ фурсат ўтди. Бир бино қад ростлашига етадиган вақт. Бироқ қани ўша автошоҳбекатлар? Бугун матбуот анжумани ўтказган Қашқадарё вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи Нарзулло Намозовга шу савол билан юзландик. 

Мутасаддининг айтишича, автошоҳбекат учун собиқ Қарши автовокзали, Агора бозори олди, Эшоншаҳид қабристони тугаган жой, Ерқўрғон бозори яқини, айтишга ўрганганимиз “ГЕЗ” бўйидаги нон сотувчилар орқасидаги ер танланган. 

“Автошоҳбекат қуриш учун шу жойлар мўлжалланган эди. Натижа биз кутганчалик эмас. Собиқ Қарши автовокзали ҳудудида номигагина “навес” ўрнатилиб, тепасига шоҳбекат деб ёзилди, холос”, дейди Нарзулло Намозов. 


Мутасаддининг сўзларига кўра, Ерқўрғон ва Эшоншаҳиддаги жойларда автошоҳбекат қурилиши бошланган ҳам. Лекин ер ажратиш тўғрисидаги ҳоким қарори чиқмагани учун тадбиркорлар жараённи тўхтатган. Оғзаки ваъдага ишониб, иш қилинган, бошқача айтганда, “сув кўрмай, этик ечилган”. 

Бошқарма бошлиғи эндиликда ҳокимлардан ер ажратиш ваколати олингани боис янги тартиб бўйича ушбу жойлар аукционга чиқарилиш кераклигини, қурилиш қилиб бўлган тадбиркор эса харажатига куйиб қолиши мумкинлигини билдирди. 

“Эртага аукционга қўйилиб, ерни бошқа биров ютиб кетса, лойиҳа ташаббускорлари аттанг қилиб қолаверади”, деди масъул. 

Нарзулло Намозовнинг маълум қилишича, “ГЕЗ” тарафдаги автостанция учун мўлжалланган бўш ернинг бир сотихига нотурар бино кўтарилган аллақачон. Бунга (била туриб) рухсат берган ҳоким қарорида енгил конструкция қилиб қуриш кўрсатилган экан аслида. Аммо икки қаватли, бетон қовурғали бино қад ростлаган. Энди бу жойда лойиҳа асосидаги автошоҳбекатни қуриш имконсиз. 


“Узоққа бормайлик. Мана, Сурхондарё вилоятида талаб даражасидаги автостанциялар жуда кўп. Яқинда бориб бунга амин бўлдим. Ҳар бир туманида бор. Рисоладагидек ишлаяпти. Йўловчи ташувчи транспорт воситалари учун, йўловчи учун барча шароит қилинган. Бизда ҳам шундай шароитни қилса бўлади. Бироқ тескариси”, дейди вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Нарзулло Намозов. 


Мутасаддининг сўзларига ишонадиган бўлсак, Қарши шаҳрида ҳали бери талабга мос автошоҳбекат қурилмайди. Президент топшириғини бажаришга маҳаллий ҳокимлик жиддийроқ эътибор қаратмоқчи ҳам эмасдек гўё. Бу ёқда эса икки тадбиркор қилиб қўйган харажатига куйишга яқин.

Мирзоҳид Жўраев тайёрлади.
«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: