Бош саҳифа » ТАНҚИДИЙ » Касбидаги мактаб Президент совринидан мосуво қилинди. Ҳокимлик ва адлия муносабат билдирди.

Касбидаги мактаб Президент совринидан мосуво қилинди. Ҳокимлик ва адлия муносабат билдирди.

29 янв 2023
3 387
ТАНҚИДИЙ / МАҲАЛЛИЙ


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9-сентябрдаги 562-сонли қарори билан Президент соврини учун "Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб" танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиб, танлов 3 босқичда ўтказилиши белгиланган.

Булар, 1-босқич (туман босқичи, 2-босқич (вилоят босқичи) ва 3-босқич (Республика босқичи).

Низомга кўра, туман (шаҳар) босқичида:

1-ўринга — 100 миллион сўм;

2-ўринга — 75 миллион сўм;

3-ўринга — 50 миллион сўм пул мукофотлари туман (шаҳар) маҳаллий бюджетлари ҳисобидан берилади.

Шундан сўнг Қашқадарё вилоятидаги туман ва шаҳарларда танловнинг илк босқичлари ўтказилди. 

Хусусан, 2022-йилнинг март ойида мазкур танловнинг илк босқичи Касби туманида ўтказилиб, якуний натижаларга кўра, 1-ўринни тумандаги 12-сонли мактаб, 2-ўринни 11-ИДУМ, 3-ўринни эса 53-сонли ИДУ мактаблари қўлга киритган. 

Низомнинг 5-боб 35-бандига кўра, пул мукофотлари танловнинг белгиланган босқичи якунлангандан сўнг 5 иш куни ичида ўтказиб берилиши белгиланган.

Бироқ, пул мукофотлари 1 ва 3-ўринларни қўлга киритган мактабларга танловдан 9 ой ўтиб, 2022 йилнинг декабрь ойига келиб берилган.

2-ўринни қўлга киритган 11-сонли ИДУМ мактабига пул мукофоти берилмаган. Бунга сабаб қилиб, мактаб мақоми ўзгаргани кўрсатилган. Мазкур мактаб сентябрь ойидан ихтисослаштирилиб, Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфига ўтган.

Ҳолатдан норози томон мурожаати "NasafNews" сайтига алоқадор Telegram мессенжеридаги "Капитан Каримов" каналида эълон қилинди.

Шундан сўнг, Касби тумани ҳокими Т. Мейлиев таҳририятга боғланиб, "Хорижий тиллар бўйича энг яхши мактаб" танловида 2-ўринни қўлга киритган 11-ИДУМга 75 млн сўм пул маблағи тез орада тўлаб берилишини маълум қилди.

Бундан ташқари, Адлия вазирлигининг Қашқадарё вилоятидаги бошқармаси мазкур ҳолатга муносабат билдириб, Касби тумани ҳокимлигига тақдимнома киритилганини маълум қилди.

"NasafNews" жараённи кузатишда давом этади ва мукофотлар тез орада ўз эгаларига етказилишига умид билдиради.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: