Ғузорда 55 ёшли маҳалла раиси ноқонуний ер сотаётган вақтда пора билан қўлга тушди
Жорий йилнинг 17 август куни Департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси, вилоят ИИБ ва ДХХнинг Ғузор тумани бўлими билан ҳамкорликда фуқаро С.Х аризаси юзасидан тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда "Nasafnews" манбалари хабар берди.
Маълум бўлишича, Ғузор туманидаги Янгикент маҳалласи раиси У.Ч. маҳалла ҳудудида жойлашган "Фозил Баҳриддин ўғли" фермер хўжалигига тегишли бўлган 9 гектар ер майдонини фуқаро С.Х.га ажратиб бериш эвазига 11 млн 700 минг сўм талаб қилгани ва аввалроқ ундан 5 млн сўм олгани айтилмоқда. Раис қолган кимёвий ишлов берилган 6 млн 700 минг сўм пулларни Янгикент маҳалласи биносида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда маҳалла раиси Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди билан, 28,211-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда гумонланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 211-моддаси тартибида қўлга олинган.
Тергов ҳаракатлари Ғузор тумани прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.