Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » 7 йиллик муддатга, 2 йиллик имтиёзли давр билан имтиёзли кредитлар тақдим этилади

7 йиллик муддатга, 2 йиллик имтиёзли давр билан имтиёзли кредитлар тақдим этилади

31 окт 2025
180
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифалар – янги иқтисодий босқич сари қадам. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 20 август куни тадбиркорлар билан ўтказган V очиқ мулоқоти мамлакатда хусусий секторни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим воқеа бўлди.

Мазкур мулоқотда 15 мингга яқин мурожаат таҳлил қилиниб, улар асосида тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган аниқ вазифалар белгиланди.

Молиявий ресурслар ва инфратузилмавий қўллаб-қувватлаш Президент фармонига мувофиқ, 2026–2027 йилларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун 270 триллион сўмйўналтирилади. Бу маблағлар қуйидаги йўналишларга ажратилади:

• Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари инфратузилмасига – 4 трлн сўм

• Драйвер лойиҳаларни амалга оширишга – 5 трлн сўм

• Танлаб олинган туман ва шаҳарларни ривожлантириш дастурларига – 6 трлн сўм

• Тижорат банклари орқали кичик ва ўрта бизнесни кредитлашга – 250 трлн сўм

• “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ орқали 5 минг лойиҳани молиялаштиришга – 4 трлн сўм.

Шунингдек, 2026 йил 1 майдан бошлаб тадбиркорларнинг тўлов қобилиятини баҳолашда альтернатив скоринг тизими жорий этилади. Бу тизим солиқ, коммунал тўловлар, экспорт операциялари каби маълумотлар асосида ишлайди.

Ташқи иқтисодий фаолият ва туризмни ривожлантириш Экспорт билан шуғулланувчи корхоналар учун муддати ўтган дебитор қарздорлик бўйича жарималарга 2027 йил 1 январгача мораторий эълон қилинди. Бу тадбиркорларга ташқи бозорлардаги ўзгаришларга мослашиш имконини беради.

Туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида 2026–2028 йилларда 5 минг гектар ер участкалари меҳмонхона қурилиши учун аукционга чиқарилади. Ерни сотиб олиш ўрнига давлат лойиҳаларга улушдор сифатида кириб, тадбиркорларга молиявий енгилликлар яратади. 

Шунингдек, 7 йиллик муддатга, 2 йиллик имтиёзли давр билан имтиёзли кредитлар тақдим этилади.

Солиқ соҳасида ҳам қатор енгилликлар жорий этилди:

• ҚҚСга ўтаётган корхоналар учун “амнистия”: 1 йил давомида фойда солиғидан озод этилади, ҳисоботдаги хатолар учун жарима қўлланилмайди.

• Саноат инфратузилмасига қилинган харажатларфойда солиғи базасидан чегирилади.

• Фойда солиғи бўйича бўнак тўловлари фақат йиллик айланмаси 20 млрд сўмдан ошган корхоналарга қўлланилади.

Ижро ва назорат механизми. 

Президент фармонида белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун амалий тадбирлар режаси ва қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари рўйхати ишлаб чиқилди. Ҳар бир вазифа бўйича масъул идоралар белгиланиб, ижро назорати кучайтирилди.

Хулоса:

Президентнинг V очиқ мулоқоти тадбиркорликни ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди. Молиявий ресурсларнинг кенг қамровли йўналтирилиши, солиқ ва кредит сиёсатининг либераллашуви, ташқи иқтисодий фаолият ва туризмга яратилган қулайликлар мамлакатда хусусий секторнинг ўсишига кучли туртки беради. Бу эса, ўз навбатида, янги иш ўринлари яратилиши, экспорт салоҳиятининг ошиши ва аҳоли фаровонлигининг юксалишига хизмат қилади.

«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: