Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Чироқчи тумани ҳокимлиги ҳокимлик биноси атрофидаги панжаралар олиб ташланмаслигига ишора қилди

Чироқчи тумани ҳокимлиги ҳокимлик биноси атрофидаги панжаралар олиб ташланмаслигига ишора қилди

18 май 2022
1 154
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ

Куни кеча ахборот сайтимизда Чироқчи тумани ҳокимлиги биноси яна панжара билан ёпиб қўйилганлиги тўғрисида танқидий хабар эълон қилинди. Чироқчи тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ушбу хабар юзасидан муносабат билдирди.

"Чироқчи тумани марказидан ўтувчи Мустақиллик кўчаси бўйлаб, кўчанинг ҳар икки томонида паст панжаралар ўрнатиб чиқилган ва бу панжаралар туман ҳокимлиги ҳовлиси атрофидан ҳам ўтган. Шаҳар ва йўл инфратузилмасига кўра, ўрнатилган панжаралар туман ҳокимлиги ҳовлисини ҳам четлаб ўтмаган" , - дейилади муносабатда.

Аммо «Nasafnews» эълон қилган хабарда ҳокимлик биноси ён қисмининг икки томони баланд панжаралар билан ўралгани, ўрта қисмида эса кичик панжаралар қурилгани айтилган.

Ҳокимлик эса ўз муносабатида йўл инфратузилмасини сабаб қилиб кўрсатиб, панжаралар олинмаслигига ишора қилмоқда.

Биз ҳокимликка панжараларни олиб ташлаш талабини қўймаймиз, аммо барибир бир савол очиқ қолмоқда. Вилоятнинг собиқ ҳокими даврида танқид қилингандан кейин панжаралар ҳокимлик биноси атрофидан олиб ташланди ва орадан вақт ўтиб (Зойир Мирзаев ишдан кетгандан кейин)  яна ўша панжаралар ўрнатиб чиқилди. Бундан мақсад нима? Ҳокимликни бузиш ва қуришдан бошқа қиладиган иши йўқми?

Айтганча, кичик панжаралар йўл инфратузилмаси сабаб ўрнатилган экан, баланд панжаралар нега яна қаққайиб турибди унда?

Шунингдек, ҳокимлик ўз муносабатида "Туман фуқароларининг ҳокимлик биносига кириб-чиқишида ҳеч қандай тўсиқ ёки ғов йўқ. Чироқчи тумани ҳокимлиги фуқаролар билан ишлашда очиқлик ва ошкораликка доим амал қилди" , - дея қўшимча қилган. Буни энди вақт кўрсатади, баҳони ҳокимга ҳокимлик эмас, халқ беради.
«Улашинг»

Ўхшаш янгиликлар: