Бош саҳифа » ТАҲЛИЛИЙ » Қишлоқ хўжалиги бошқармаси ва бўлими бошлиғи лавозими тугатилади
Қишлоқ хўжалиги бошқармаси ва бўлими бошлиғи лавозими тугатилади
04 дек 2024
1 070
ТАҲЛИЛИЙ / МАҲАЛЛИЙ
Эндиликда ҳокимларнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида қишлоқ хўжалиги бошқармаси (бўлими) бошлиғи ҳам ҳисобланади.
“Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқарувини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари тузилмаларига – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари – Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи лавозими; туман (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари тузилмаларига – ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари – туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи лавозими киритилади. Бунгача ҳокимларнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тузилмасидаги қишлоқ хўжалиги бошқармалари (бўлимлари) бошлиғи лавозимлари алоҳида-алоҳида эди.
Янги қарор билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тузилмасидаги бу лавозим қисқартирилиб, бўшаган штатларга озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходим лавозими жорий этилади.
Ҳоким ўринбосарлари озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини модернизациялаш, диверсификация қилиш ва барқарор ўсишини қўллаб-қувватлаш учун хусусий инвестиция капитали оқимини кўпайтириш орқали соҳада давлат иштирокини камайтириш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш механизмларини жорий қилишга масъул бўлади.