“Тахтақорача” довонидаги бахтсиз ҳодисада 3 киши вафот этди
6 ноябрь куни соат 16:00 да Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани ҳудудидан ўтган М-39 йўлининг 1138 кмда “Китоб-Самарқанд” йўналишида ҳаракатланган “Cobalt” русумли автомобильни тоғ қиялигидан номустаҳкам харсангтош тушиб, босиб қолган. Ҳолат юзасидан ФВВ маълумот берди. "Ҳодиса оқибатида автомобиль салонида бўлган 3 нафар инсон вафот этган. Ҳодиса жойига ФВВ қутқаручилари бошчилигида ЙПХ, тез тиббий ёрдам ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар ходимлари етиб бориб, вазият оқибатларини бартараф этди", дейилади расмий хабарда. Шунингдек, "Тахтақорача" довони транспортлар ҳаракати учун тез орада қайта очилиши маълум қилинди.